Жиззах давлат педагогика институти ахборот хизмати раҳмати Гулчеҳра Шарипованинг ёзишича, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Жиззах давлат педагогика институти ректори Ш.Шарипов Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалига борди.
"Биз сиз билан доимо биргамиз!” шиори остида марказда даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олинди. Кўнгил олиш, далда бериш ниятида ташкиллаштирилган учрашув ҳақиқий байрамга айланди. Дастур давомида бемор болажонларнинг ҳар бирига байрам муносабати билан совғалар улашилди.
— Бугунги тадбир мен учун қувончли кунларимдан бирига айланди. Фарзандим кулган кун мен учун энг ажойиб кун. Эътибордан кўнглим кўтарилди. Мен қатори умид билан болалари шифо топишини истаётган ота-оналарга айтилаётган ҳар бир тилак, ширин сўз далда, малҳам ва мадад бўлди, — дейди Дилноза Норқўзиева.
Дарҳақиқат дунёда бола кулгисию шўх-шодон қийқириғидан-да беғубор нарса бўлмаса керак. Осмон мисоли мусаффо, тим қора кўзларини сизга қадаганча, табассум билан куйга ҳамоҳанг рақсга тушаётган, жажжи қўлчалари билан қарсак чалаётган, мурғак қалби билан мушоҳада қилишга уринаётган, қўлидаги совғаларга болаларча ҳайрат билан боқаётган болажонлар нурли чеҳрасига кўзингиз тушганда ҳаёт ташвишларини унутасиз. Улардаги беғуборлик, софлик сизга ҳам кўчади...