Дунё миқёсида ўз ўрни ва аҳамиятига эга мамлакатда бўлаётган ҳар қандай ўзгариш сиёсий жамиятни, халқаро ташкилотларни қизиқтирмасдан қолмайди, албатта. Бунга жорий йил 9 июлдаги муҳим сиёсий тадбир – муддатидан илгари ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови яққол мисол бўла олади.
Халқаро ҳамжият ва турли миссиялар вакиллари ривожланаётган мамлакатда бўлиб ўтаётган сиёсий жараёнга қизиқиш билдириши бежиз эмас. Боиси, сайлов – демократия кўзгуси. Чунки айнан сайлов жараёнида мамлакатда очиқлик, ошкоралик, сўз эркинлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид умумэътироф этилган демократик тамойиллар амалда таъминлангани кўринади.
Шунинг учун Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловини 800 га яқин халқаро кузатувчи кузатиб борди. Улар орасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси, МДҲ ва унинг Парламентлараро ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар ва дунёнинг 50 га яқин давлатидан ташриф буюрган кузатувчилар бор эди. Бундан ташқари, мазкур сиёсий жараён тафсилотларини миллий журналистларимиз билан ёнма-ён хорижлик ОАВ вакиллари ҳам кенг ёритди.
Биз бу рақамларни келтиришимиз боиси бор. Гап шундаки, сайлов бир кунда бўлиб ўтади. Аммо бу жараёнга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни халқаро стандартлар асосида ташкил этиш осон иш эмас. Бу мамлакат имижини ва фуқаролар сиёсий мақомини белгилайдиган тадбир. Шу жиҳатдан ҳам ҳар қандай сайлов ўз моҳиятига кўра, халқ иродаси билан ҳамоҳанг тарзда, мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган, яқин ва узоқ келажак учун таъсир кўрсатадиган мазмун-моҳият касб этади. Агар бу сайлов мамлакат Президентини сайлаш билан боғлиқ бўлса, унинг аҳамияти янада ортади.
Президент сайлови ўтганига ҳам ўн кун бўлди. 14 июль куни кўп миллатли аҳил халқимиз, кенг дунё жамоатчилиги, расмий ва жамоатчилик доиралари вакиллари қайта сайланган Президентимизнинг ўз лавозимига киришишга бағишланган тантанали маросимни кузатди. Ҳаммамиз давлатимиз раҳбарининг нутқини эшитдик.
Мана шу ўн кун давомида халқаро кузатувчилар ҳам, миллий ва хорижлик журналистлар ҳам мамлакатимизда Президент сайлови юқори савияда ва демократик руҳда бўлиб ўтганини кўп бор эътироф этди.
Бу нимадан далолат беради? Баралла айтишимиз мумкинки, янги Ўзбекистон ислоҳотлари нафақат халқимиз ҳаётини яхшилашга, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар, илм-фан соҳаларида туб бурилишлар, улкан ўзгаришларга асос бўлди, балки, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз дадил олдинга интилиб, қўрқув ва ҳадикдан халос бўлдик. Дунё бизга очилди ва биз дунёга очилдик. Жаҳонда қанча-қанча дўст ва ҳамкорлар орттирдик. Юксак иродамиз, қатъий саъй-ҳаракатларимиз билан яна бунёдкор халқ, бунёдкор миллат бўлиб майдонга чиқдик”.
Халқаро талаб ва стандартларга мос
Таъкидлаганимиздек, Президент сайлови ҳар томонлама халқаро стандарт ва талабларга муносиб тарзда ташкил этилди ва ўтказилди. Шу жиҳатдан, бу сайловни янги Ўзбекистоннинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойилларига садоқати, мамлакатда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорликнинг амалий намунаси бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бинобарин, Президент сайловида халқаро мезонларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган адолат, очиқлик, ошкоралик ва эркинлик каби демократик тамойилларга тўла амал қилинди.
Буни учта ташкилот хулосаларидан келтирилган қуйидаги фикрлар билан асосласак бўлади.
Биринчиси. Сайловдан сўнг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) сайловни кузатиш миссияси томонидан дастлабки хулоса берилди. Унда ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси таркибида 220 кузатувчи республикамизнинг турли нуқталаридаги қатор сайлов участкаларида бўлиб, сайловни кузатиш имконига эга бўлгани қайд этилди. Ҳар бир сайлов участкасида сайловчиларнинг келиши, рўйхатдан ўтиши, бюллетенларни тўлдириши каби барча жараёнлар кузатиб борилгани айтилди.
Барча сайлов участкаларида партия ва маҳалла вакиллари ҳозир бўлиб, жараённинг шаффофлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, миссия вакиллари сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида хотин-қизларнинг давлат ва жамиятдаги иштироки кенгаяётгани, хусусан, парламент аъзоларининг 29,8 фоизини хотин-қизлар ташкил қилаётгани, жумладан, сайлов жараёнида ҳам хотин-қизлар фаол иштирок этганини қайд этди.
Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайловни ташкил этиш ва ўтказиш ваколатига эга бўлиши баробарида кенг қонуний ваколатлар билан таъминланганига ҳам эътибор қаратилди. Яъни МСК муддат қисқалигига қарамай, сайловга тайёргарликни самарали бошқарди, қонунда белгиланган муддатларга риоя қилди. Мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиб, сайлов жараёнининг турли жиҳатларини батафсил тартибга солиб турди. Шунингдек, МСК мажлисларида келиб тушган мурожаатлар бўйича ҳисоботлар эълон қилиб борилди. Бу эса сайлов жараёнлари очиқлигини оширди.
ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси 2016 йилда аёлларнинг жамоат ва сиёсий ҳаётдаги иштирокини рағбатлантиришга қаратилган ислоҳотлар бошланганидан кейин уларнинг парламентдаги сони ортганига алоҳида эътибор қаратган.
Иккинчиси. Сайловдаги очиқлик ва адолатни таъминлаш юзасидан Бош прокуратура ҳам ўз маълумотларини тақдим этди. Унга кўра, сиёсий тадбирда қонун устуворлигини таъминлаш учун мазкур тизимнинг 3 мингга яқин ходими сафарбар этилган. Алоҳида тайёрланган 218 ходимдан таркиб топган Бош прокуратура ва ҳудудий прокуратуралардаги ишчи гуруҳлар тизимли равишда иш олиб борган. Хусусан, сайловга доир маълумотларни мониторинг қилиш ва қонунбузилиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган тадбирлар доирасида интернет ахборот тизими ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган 1100 дан ортиқ хабар ўрганилиб, оммавий ахборот воситалари маълумотлари синчковлик билан кузатиб борилган.
Халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, маълумотлар узлуксиз алмашилган. Жараёнда кузатувчилар, партия вакиллари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларидан эътирозлар келиб тушмаган. Сайлов жараёнида жиддий қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланмаган.
Учинчиси. Ўзбекистон Олий суди мутасаддилари ҳам бу борада ўз хулосаларини билдирди.
Амалдаги қонунларимизда сайловга оид қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган бўлиб, бундан сайлов жараёни иштирокчиларининг қонунчиликка тўлиқ риоя этиши ва ҳуқуқлари самарали амалга оширилишини таъминлаш кафолати кўзланган.
Сайловга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва сайлов ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирор шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.
Шу билан бирга, овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, фуқароларнинг сайловда эркин иштирок этишига тўсқинлик қилиш, таҳдид, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан монелик кўрсатишга доир жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмаган.
Дарҳақиқат, сайловнинг нечоғли тайёргарлик ва кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтгани овоз бериш якуний натижасида аён бўлди. Халқимиз ўзи ишонган ва муносиб деб билган номзодга овоз берди. Бу жараёнда жисмоний имконияти чекланган шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун сайлов участкалари кўчма сайлов қутилари, брайль алифбосидаги сайлов бюллетенлари билан таъминлангани, пандуслар ўрнатилгани, сурдотаржимонлар фаолияти йўлга қўйилгани, хорижий давлатлардаги ватандошларимиз учун ҳам етарлича шароит яратилгани муҳим аҳамият касб этди.
Бу бизнинг катта ютуғимиз бўлди. Айтиш жоизки, бир қарашда силлиқ ва байрамона руҳда кечган сайловда эришилган ютуқлар ва халқимизнинг бир овоздан ўз Президентини қўллаб-қувватлагани замирида муҳим асослар бор. Биринчидан, халқимиз ислоҳотлар моҳиятини англаб етди ва кейинги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришларга нисбатан ишончи ортди. Иккинчидан, фуқароларимиз давлат ва жамият қурилишида ўз овозига эга эканини тушуниб етди. Учинчидан, демократик руҳда тобланаётган жамиятда дахлдорлик ҳисси шаклланган янги муҳит пайдо бўлди. Бу биринчи ва иккинчи асос муҳитида пайдо бўлган, ҳаётимизни том маънода ўзгартиришга қодир манзара сифатида намоён бўлади.
Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак
Сайловда халқимиз олдига танлов қўйилди. Кимга қайси номзод мақсад ва режалари маъқул келса, ўшанга овоз бериш ҳуқуқи берилди. Натижада эса Шавкат Мирзиёев ғолиб бўлди. Нимага? Чунки Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида кўплаб долзарб вазифалар белгилаб олингандики, уларнинг ҳар бири фарзандларимиз келажаги, халқимиз ҳаёти, мамлакатимиз тараққиётига дахлдор аниқ ечимга эга ташаббуслар эди. Булар, табиийки, шу юрт фарзанди бўлган, келажагига бефарқ бўлмаган ҳар киши, яъни сайловчи эътиборини тортмасдан қолмади. Фикримни Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўн биринчи съездида келтирилган сайловолди дастуридаги вазифалардан бири мисолида давом эттирсам. Бунга алоҳида урғу беряётганим сабаби, аввало, ўзим илм кишисиман, қолаверса, таълим-тарбияга қаратилган эътибор келажакка қўйиладиган энг зарур ва энг мустаҳкам пойдевордир.
Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида 5 та асосий йўналишга эътибор қаратишини маълум қилди. Буларнинг биринчиси – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш. Бу мамлакат келажаги, фарзандларимиз тақдири учун энг оқилона ечимлардан биридир.
Унга кўра, 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланади ва қамров 100 фоизга етказилади. Боғча ва мактаблар фильтрланган ичимлик сув билан тўлиқ таъминланади. Келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратиш зарур. Шу мақсадда “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури амалга оширилади. Хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилади. Давлат-хусусий шериклик асосида мактаблар қуриш кенг жорий этилади. Бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан тўлиқ таъминланади.
Фарзандлари келажагига эътибор қаратилган жамият истиқболли бўлади. Чунки бунинг учун сарфланган сармоя эртага ўн баробар, юз баробар зиёди билан қайтиши тарихда ўз исботини топган.
Илм чексиз. Унинг имкониятлари кўп. Улардан ўз ўрнида, самарали фойдаланиш эса ана шу имкониятларни юзага чиқаришда айни муддаодир.
Шу ўринда кичик бир мулоҳазани ўртага ташлаймиз. Иқтисодий ўсиш ва ривожланиш моддий бойлик қаторида инсон капиталига таъсир қилувчи омилларга ҳам боғлиқ. Инсон капитали одамлар ҳаёти давомида тўплаган билимлари, кўникмалари ва тажрибаларини жамият ва мамлакат салоҳиятини рўёбга чиқаришга замин яратишидир. Соғлом ва сифатли овқатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва ишчилар малакасини ошириш орқали одамларга сармоя киритиш инсон капитали ривожига ҳисса қўшади. Бу қашшоқликни тўхтатиш ва ижтимоий жиҳатдан бирлашган жамиятни барпо этиш учун жуда муҳим жиҳат.
Жисмонан соғлом ва билимли одамлар кўпроқ даромад топади. Бу иқтисодиётнинг қайсидир жойида ривожланиш бўлишига, оилаларга, фарзандларга сармоя киритилишига ҳам асосдир.
Бугун дадил айта оламизки, Ўзбекистон бу борада қатъий мақсадларини белгилаб олган. Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 100 та мақсад қамраб олинган бўлса, шундан 34 таси адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш билан боғлиқ вазифалардир.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида таълим сифатини ошириш масаласига берилган устуворлик эса жамият келажагини, аввало, таълим сифати ва таълим олувчи қобилиятини белгилаб беради.
Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун мустақилликнинг ҳар бир йили қадрли ва муҳим аҳамиятли. Бинобарин, ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ишлар одамлар дунёқарашида, ҳаётида катта ўзгаришлар ясади.
Бугун юртимизнинг исталган жойига боринг, ислоҳот эпкинларини сезасиз. Хоҳлаган киши билан гаплашинг, ён-атрофида, турмушида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб гапириши мумкин. Халқимизнинг ғайрат-шижоати, бунёдкорлик салоҳияти самараси шаҳару қишлоқларимиз қиёфасида яққол намоён бўлмоқда.
Булар бир қарашда оддий, силлиқгина қилиб айтиладиган гаплардек туюлиши мумкин. Лекин бунинг замирида қанчалик заҳматли меҳнат ётганини англаш керак. Ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлгандагина ўз ҳаёт йўлини, келажагини ўзи белгилай олади. Бугун Ўзбекситон халқи ана шу эркинлик асосида ўз тақдирини ўзи белгилаб, келажак сари дадил одимламоқда.
Президентимиз 14 июль куни ўз лавозимига киришишга бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлар экан, жумладан, бундай деди: “Қудратли халқимизга таяниб, ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни ишга солиб, ислоҳотларимиз суръати ва самарасини янада оширамиз, ҳеч қачон сусайтирмаймиз. Қанчалик қийин ва машаққатли бўлмасин, танлаган йўлимиздан ортга қайтмаймиз. “Ҳар бир кун, бу – имконият, ҳар бир кун, бу – келажак пойдевори” деган шиор бугундан бошлаб ҳаётимиз қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шарт”.
Чиндан ҳам, бугун янги Ўзбекистон тараққиётининг янги даври бошланмоқда. Бунинг учун эса, Преидентимиз таъбири билан айтганда, янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади.
Президентимиз нутқида миллионлаб инсонларнинг умид ва ишончини оқлаш, эришган ютуқларни янги натижалар билан мустаҳкамлаш нафақат вазифа, балки инсоний бурчга айланиши шартлиги таъкидлади.
Бизнинг сафимизга чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келаётгани уларнинг тимсолида, аввало, эртанги кунимизнинг янги раҳбарлари, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчилари намоён бўлаётгани алоҳида қайд этилди.
Президентимиз Ўзбекистон ёшларига яна бир бор мурожаат қилиб, бугун тарихнинг ўзи, замоннинг ўзи улар учун беқиёс имкониятлар очаётганини, ёшлар янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни барпо этувчи куч эканини айтди. Давлатимиз, халқимиз яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига етиб, дунёга ўз сўзини айтишга ундади. Бунда эса бугунги олинган билим ва тарбия, яъни йўналтирилган капитал, албатта, асқатади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, дунёда ҳеч бир иш ўз-ўзидан бўлмайди. Кимки аниқ мақсад йўлида ҳаракат қилса, эзгу ният билан олдинга интилса ва ўзига ишонса, шундагина натижа бўлади. Бугун бағрикенг халқимиз эришаётган ютуқлар замирида ҳам ана шу қудратли фалсафа – ҳаракат, ишонч ва ғолиблик руҳи мужассам.
Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
академик