Дунёда бўлаётган ҳарбий-сиёсий жараёнлар ҳар бир касб эгасига янгича методик услублар билан ишлаш талабини қўймоқда. Шунинг учун ноанъанавий психологик дарслар, мафкуравий билимларни янада чуқурроқ ўзлаштириш давр талаби бўлиб қолмоқда.
Тажрибали психолог профессор-ўқитувчилар иштирокида ҳарбий округлар, ҳарбий-касбий саралаш органи ходимларининг касбий малакасини ошириш, ҳарбий округларда номзодлар билан ўтказиладиган саралаш тадбирларини самарали ташкиллаштириш, психологик тест методикалари ҳамда хорижий давлатларда номзодларни ҳарбий хизматга саралаш тизимини ўрганиш ҳамда уларнинг ижобий тажрибаларини амалда жорий этиш – ушбу семинар олдига қўйилган асосий вазифалардан бири.
10 кун давом этадиган ушбу йиғинда психология тармоқлари ва фанлар орасида тутган ўрни, тестология тарихи, тафаккур психологияси, психологик сўровномалар тузиш, ҳарбий-касбий саралаш тадбирлари натижаларини таҳлил қилишда ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш каби мавзуларда маърузалар, назарий ва амалий суҳбатлар, савол-жавоблар ўтказилади.
Ушбу ташаббуснинг яна бир эътиборли жиҳати, Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, бу каби ўқув-семинарларнинг доимий равишда ташкил этилиши йўлга қўйилади.
Семинар якунида иштирокчиларнинг “Ғалаба боғи”, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар давлат музейи, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, театр ҳамда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилиши ҳам режалаштирилган.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти