Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан имзоланган меморандум доирасида жорий йилнинг 11-12 январь кунлари “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан республикамиз бўйлаб “Нотариуслардан ҳарбийларга бепул ҳуқуқий маслаҳат” акцияси бўлиб ўтди.
Акция доирасида республикамизнинг 14 та ҳудудида жойлашган 100 га яқин ҳарбий қисмларда нотариуслар ва ҳарбий хизматчиларнинг учрашувлари ўтказилди.
– Акцияда 10 мингга яқин ҳарбий хизматчилар, жумладан, қисмлар командирлари, уларнинг ўринбосарлари, кичик зобитлар ва 100 га яқин хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар иштирок этди. Нотариуслар билан учрашувлар жуда қизиқ ва юксак савияда ўтди. Нотариал ҳаракатлар, уй-жой олди-сотдиси, ҳадя, васиятнома, мерос, эр ва хотиннинг биргаликдаги мулки ва биргаликдаги мулкда эр ва хотиннинг улушлари, ишончномалар мавзуларида қизиқарли ўтган суҳбатларда ҳарбийлар ўзларини қизиқтирган саволларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олдилар, - дейди Нотариал палатанинг ҳуқуқий тарғибот бўйича маслаҳатчиси Зебо Ҳайдарова.