Ушбу мусобақаларда АҚШнинг турли ҳудудларидан келган Қуролли Кучлари бўлинмалари ҳамда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан жами 14 нафар ҳарбий хизматчилар иштирок этяпти.
Мусобақа асосан 8 та йўналиш бўйича 20 дан ортиқ шартларни ўзида жамлаган бўлиб, иштирокчилар жисмоний тайёргарлик, ҳарбий топография, тўсиқлар йўлагидан ўтиш, узоқ масофага юриш, тиббий ёрдам кўрсатиш, турли русумдаги қуроллардан ўт очиш, артиллерия оловини йўналтириш ҳамда мавзуга оид тест синовларини топшириши керак.
Мусобақанинг дастлабки йўналишида ҳарбий хизматчилар жисмоний қобилияти текширилди. Унга кўра иштирокчилар оғирлиги 5 килограмм бўлган коптокни ортга улоқтириш, ўз вазнидан камида 3 баравар оғир бўлган юкни кўтариб ўтириб туриш, 3 дақиқа ичида ётган ҳолда куч машқини бажариш, 25 метр масофага турли юклар, ҳолатларда югуриш орқали бажариладиган эстафета, турникда тортилиш ҳамда 3,2 километр масофага югуриш машқларини бажарди.
Юртимиз шаънини ҳимоя қилаётган III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ҳамда кичик сержант Хайрулло Олимовлар мазкур беллашувнинг барча шартларида муваффақиятли қатнашиб, юқори натижа кўрсатдилар.
Бу иккала ҳарбий хизматчимиз эстафета ҳамда узоқ масофага югуриш шартларида шу кунгача қайд этилган мусобақа рекордини янгилади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ҳам ушбу мусобақада иштирок этган ҳарбий хизматчиларимиз I ўринни қўлга киритган эди, деб АҚШдан хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.