Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Б.Абдуҳакимов Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, “Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖ Қўқон шаҳар филиали томонидан унинг хонадонига нисбатан 2 000 000 (икки миллион) сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблаётгани ҳақида маълум қилди.

Истеъмолчининг айтишича, бу хусусда унинг "Ҳудудгазтаъминот" АЖга такрор-такрор қилган мурожаатлари ҳам ҳеч қандай самара бермаган. Ўрганишлар натижасида истеъмолчи ҳисоблагич бўйича тўловларни ўз вақтида ўтаб келаётгани, қарздорлик эса муассаса ходимининг айби билан юзага келгани маълум бўлди.

Яна бир мурожаатда айтилишича, Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи фуқаро Б.Бобохўжаев Бағдод тумани марказида жойлашган “Техномарт” савдо марказидан умумий қиймати 9980000 (тўққиз миллион тўққиз юз саксон минг) сўм бўлган Iphone 12 русумли мобиль алоқа телефони харид қилган.

Бироқ ундан фойдаланиш жараёнида карнайида нуқсон борлигини маълум бўлган. Харидор телефонни алмаштириш мақсадида савдо марказига борганида унинг нуқсонли маҳсулотни алмаштириш талаби қондирилмайди.

Ўрганиш натижаларига кўра, фуқаро харид қилган носоз Iphone 12 янгисига алмаштириб берилди, дейилади федерация ахборот хизмати тарқатган маълумотда.