АҚШдаги дипломатик миссиямиз хабар берганидек, «Uzbekistan Airways» АЖ нинг махсус чартер рейси мамлакатимиз Ҳукумати томонидан давлатимиз раҳбарининг чет эллардаги барча юртдошларимизни пандемия вақтида ватанга қайтариш ҳақидаги қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Навбатдаги мазкур тўртинчи рейсда Ўзбекистонга 256 нафар йўловчиларни, жумладан 238 фуқаро ва улар орасидаги 4 нафар чақалоқ, шунингдек 18 нафар америкалик дипломатлар — АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учиб келдилар. Барча йўловчилар белгиланган тартибда 10 кунлик карантини даврини ўтайдилар. Улардан хоҳлаганлари меҳмонхона мажмуаларида ўташлари мумкин.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги Элчихонаси ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги қошида ташкил этилган туну-кун ишлайдиган тезкор штаблар томонидан март ойидан бери Шимолий ва Жанубий Америкада қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларимизнинг уларни ватанига қайтариши сўралган 1 841 та мурожаати қабул қилинган. Июнь ойидан бери «Uzbekistan Airways» АЖ нинг махсус чартер рейсларида Нью-Йоркдан Тошкентга олиб келинган йўловчилар сони 1 026 кишини ташкил этади.
АҚШдаги дипломатларимиз хабарларига кўра, 31 июль ҳолатига ўзларининг Ўзбекистонга қайтарилишини яна 815 киши кутиб турибди. Мамлакатимизнинг Вашингтондаги Элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консуллиги фуқароларимиз билан мунтазам алоқани ушлаб турибди. Навбатдаги чартер рейсларда ватанга учиш хоҳишидаги йўловчиларнинг рўйхати ҳар куни янгиланиб турибди, деб хабар беради «Дунё».АА
Эслатиб ўтамиз, 16 мартдан Ўзбекистон Ҳукумати қарори билан барча халқаро йўналишлардаги авиақатновлар, жумладан, Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналишида учадиган рейслар ҳам тўхтатилган.