Давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори меҳрга ташна юракларга малҳам бўлди. Сабаби, мазкур меъёрий ҳужжатда етим, отаона қарамоғидан маҳрум болаларни қўллаб-қувватлашга доир кўплаб вазифалар белгиланган. Жумладан, Меҳрибонлик уйларининг 18 ёшга тўлган тарбияланувчиларини уй-жой билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Мазкур қарор иловасида кўрсатилганидек, жорий йилда Жиззах вилоятидаги Меҳрибонлик уйининг собиқ 17 битирувчисига замонавий маиший техника билан жиҳозланган 2 ва 3 хонали 17 та турар жой топширилди.

— Президентимизнинг бу ғамхўрлигидан бошимиз осмонга етди, — дейди Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Дилафрўз Бобоёрова. — Сабаби, Меҳрибонлик уйидан кейин тақдирим нима бўлади, қаерда яшайман, деб ўйлаб қийналардим. Меҳрибонлик уйидан чиққач, бир муддат ижара уйда яшадим.   Кейин ҳаётимда туб бурилиш юз берди. Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиалига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиндим. Яқинда уйли бўлдим. Бу мен учун ниҳоятда қувончли воқеа. Етимлик азобини тотгани камдек, ижарада, ноқулай шароитларда яшаб юрган одамнинг ўз уйи бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Энди менинг ҳам Ватан ичра кичик ватаним бор! Бизга уйларимиз кўрсатилганида, у ердаги замонавий шароитни кўриб, тилим калимага келмай қолди. Ўша пайтдаги ҳаяжонимни сўз билан ифодалай олмайман... Бундай эътибор учун давлатимиз раҳбаридан умрбод миннатдорман. Энди орзуларим янаям қатъийлашди. Келгусида малакали психолог бўлиб, хорижий тилларни пухта ўрганишни, чет элларда ўқиб, тажриба орттиришни ният қиляпман.

— Давлатимиз раҳбарининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, бу йил мамлакатимиз миқёсида уй-жойга муҳтож 757 нафар етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган йигит-қизни уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилиши белгиланган, — дейди Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгашининг ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, майор Раҳмонжон Очилов. — Жумладан, вилоятимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож 17 нафар йигит-қизнинг уй-жой билан таъминлангани юртимизда ёшларнинг эркин ва фаровон ҳаёт қуриши йўлидаги улкан ғамхўрлик ифодасидир.

Шаҳзод Ғайбуллаев ҳам Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйи битирувчиси. Бугун у ҳам ўз бошпанасига эга бўлиб, ижарама-ижара юриш ташвишидан қутулганидан хурсанд.

— Оддий ишчи эдим. Ойлигимнинг салмоқли қисмини ижара учун тўлардим. Кўп қийналганман, — дейди у. — Жиззах шаҳри политехника техникумига имтиёзли асосда ўқишга кирдим. Ҳозир 2-курсда ўқияпман. Яқинда уй ҳам берилди. Қувончим чексиз, тасвирлаб бўлмайдиган даражада бахтиёрман! Бу кўмак, эътибор бизнинг оёққа туришимиз, жамиятда ўз ўрнимизни топишимиз учун қилинаётир. Келгусида ўқишни битириб, олий ўқув юртига кириш ниятим бор. Ҳарбий соҳада фаолият юритиб, Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Уй-жой билан таъминланган 17 нафар йигит-қиз — 17 та тақдир. Бошпана билан таъминланмаганида, эҳтимол, уларнинг ҳаёт ўзани буткул бошқа йўлга бурилиб кетган, дунё фақат ғам-ғуссадан иборат, деган ўй билан яшарди. Бироқ бундай бўлмади. Бугун уларнинг севинчи чексиз. Кўкси ифтихорга, миннатдорликка тўла. Ўзини порлоқ келажак кутаётганига буткул ишонади. Ҳаётга, инсонларга меҳр-муҳаббат билан боқади. Эртанги кунга ишончи баланд. Чунки улар эътибор, ғамхўрлик нималигини кўрди. Меҳр-мурувват тафтини ҳис этди. Меҳр кўрган инсон, албатта, шунга муносиб жавоб қайтаради.