Болалар омбудсмани томонидан жорий йилнинг 18-19 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган мониторинги давомида мазкур ҳудудда жойлашган 2-сонли тергов ҳибсхонасида бўлиб, муассасада сақланаётган 2 нафар вояга етмаган Х.Х. ва Р.Т. лар шароитлари кўздан кечирилди ва улар билан алоҳида суҳбатлашилди.
Мониторинг давомида мазкур вояга етмаганлар катта ёшли маҳбуслар билан бир камерада сақланаётганлиги аниқланди.
Қачонки халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликка кўра, ҳибсхоналарда вояга етмаганлар катталардан ажратилган тарзда сақланиши шарт бўлиб, алоҳида ҳоллардагина бунга прокурор розилиги билан йўл қўйилади.
Болалар омбудсмани мониторинг доирасида аниқлаган ушбу қонун бузилиши юзасидан йўллаган алоҳида сўрови асосида ҳибсхонадаги мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилди.
Ўрганишда аниқланишича, тергов ҳибсхонаси маъмуриятининг мутасадди мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилдаги «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси талабларига риоя қилинмасдан, прокурор розилигини олмасдан туриб, вояга етмаганларни катта ёшли шахслар билан бир камерада сақланганлиги учун бу қонун бузилишига йўл қўйганларга «қаттиқ ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилди.
Текширувда катта ёшли маҳбуслар томонидан вояга етмаганлар ҳуқуқларига зарар етказиш фактлари аниқланмай, айни пайтда вояга етмаганлар катта ёшли шахслардан алоҳида камерага жойлаштирилган бўлиб, ҳибсхона маъмурияти қонун талабларига қатъий риоя қилиши Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.
Болалар омбудсмани мониторинг натижасида аниқланган бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бартараф этилиши устидан ўз кузатувини давом эттирмоқда.