Парламент қуйи палатасининг интернет сайтида маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда.

Қайд қилинишича, мазкур қонун лойиҳасида қатор янгиликлар кўзда тутилган. Мисол учун, Жиноят кодексининг амалдаги таҳририда фақат ёш болани парвариш қилаётган аёлнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Қонун лойиҳасида эса ёш болани парвариш қилаётган шахснинг, яъни аёл ёки эркакнинг меҳнат ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик ҳақидаги янги модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳуқуқий ҳужжатдир.

Ҳозирги кунда юртимиздаги Реабилитация ва мослаштириш марказлари томонидан мингдан ортиқ жабрланган аёллар ҳимояга олинган, уларга руҳий ёрдам ва бошқа зарур амалий кўмак берилмоқда. Аҳолининг бу қатламини ҳимоя ордери билан таъминлаш ҳам ниҳоятда аҳамиятли масаладир.