Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан ушбу мамлакат етакчи авиаташувчиларининг республикамизга парвозларини ташкил қилиш ва туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида Ҳиндистон фуқаро авиацияси идоралари ва «IndiGo» компанияси раҳбарияти билан бир неча маротаба музокаралар ўтказилган эди.
Кеча авиакомпания Деҳли-Тошкент-Деҳли йўналишида мунтазам қатновларни йўлга қўяётгани ҳақида маълумот тарқатган эди. Бу «IndiGo»нинг 31-халқаро йўналиши бўлади. Авиакомпания самолётлари икки йирик шаҳар ўртасида ҳафтасига тўрт марта парвоз қилади.
«Биз Ўзбекистон пойтахти ва мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлган гўзал Тошкентга парвозларни бошлаётганимиздан мамнунмиз. Буюк ипак йўлидаги бетакрор маданият маркази ва афсонавий шаҳар сифатида Тошкент доимо саёҳатчиларни Марказий Осиёнинг юрагини кашф қилиш учун чорлаб келади. Ўзбекистоннинг шимоли-шарқида жойлашган қадимий шаҳар ҳиндистонлик саёҳатчиларга ушбу заминнинг мафтункор жозибасини ҳис қилиш учун эшик очиб, икки халқ ўртасидаги савдо ва маданий алоқаларни янада бойитишга ҳисса қўшади», деб таъкидлаган «IndiGo»нинг глобал савдо бўлими раҳбари Винай Малҳотра.
«Ўзбекистоннинг мафтункор пойтахти Тошкент ўзининг жўшқин маданий ҳаёти, бой музейлари, турли коллекция ва экспозицияларга эга кўргазма заллари билан машҳур. Шаҳар замонавий ва қадимий меъморчиликнинг сеҳрли уйғунлигини таклиф этади. Давлат тарих музейи халқ тарихига ҳурмат бажо келтирган ҳолда Ўзбекистоннинг илк палеолит давридан то ҳозирги кунгача бўлган тараққиётини ифода этган. Темурийлар тарихи музейида қимматбаҳо қўлёзмалар, қурол-яроғ намуналари ва бошқа артефактлар сақланмоқда. Пойтахт уфқ чизиғини Тошкент телеминораси безаб туради ва ўзининг кузатув майдончасидан шаҳарнинг ҳайратланарли манзарасини тақдим этади. Меҳмонлар бу майдончадан тарихий ва маданий объектларни, жумладан, гавжум Чорсу бозорини, кўркам Минор масжидини, Амалий санъат музейи, Амир Темур майдонини ва бошқа диққатга сазовор жойларни томоша қилиши мумкин», деб ҳикоя қилинган авиакомпания сайтида.
«IndiGo» компанияси томонидан Деҳли ва Тошкент ўртасида парвозлар йўлга қўйилаётгани ҳақидаги хабар Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Жумладан, «Press Trust of India» ахборот агентлиги «InterGloble Aviation»га тегишли авиакомпания 22 сентябрьдан Деҳли ва Тошкент ўртасида парвозларни йўлга қўйиши ҳақидаги тезкор янгиликни тарқатди.
«IndiGo»нинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри рейсларининг очилиши ҳиндистонлик сайёҳларнинг ушбу мамлакатга қулай тарзда етиб бориш имкониятини оширади ҳамда мос равишда туризм ва бизнес алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади. Мазкур янгилик, шунингдек, Марказий Осиёнинг жаҳон иқтисодиётидаги аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлайди ва минтақа билан Ҳиндистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди», деб ёзган «The Indian Express» газетаси.
Эслатиб ўтамиз, яқинда «Ўзавиация» агентлиги томонидан «IndiGo» авиакомпаниясига Деҳли-Тошкент-Деҳли йўналиши бўйича А-320NEO ва А-321 NEO самолётларида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилди.