Учрашувда Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсат, иқтисодиёт, рақамлаштириш ва маданий-гуманитар йўналишдаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, таҳдид ва хатарларга биргаликда қарши курашиш чоралари юзасидан фикр алмашилди.
Вазир Абдулазиз Камилов ўз нутқида «Ҳиндистон – Марказий Осиё» шаклидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятидан янада тўлиқроқ фойдаланиш, икки минтақанинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, жумладан, барқарор савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқаларини шакллантириш, маҳсулотларни Ҳиндистон ва Марказий Осиё бозорларига олиб кириш учун «яшил йўлак» ташкил қилиш, IT-мутахассислари учун платформа яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Минтақавий ривожланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида Мулоқотда иштирок этувчи ҳар бир давлатда навбат билан йиллик тадбирларни ўтказадиган «Ҳиндистон ва Марказий Осиёдаги таҳлилий марказлар форуми» таҳлилий платформасини ташкил этиш таклиф этилди.
Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Бу давлатнинг халқаро яккаланиб қолишига йўл қўймаслик учун унга нисбатан можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Панель сессиялар доирасида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари муҳокама этилди.
Тадбир якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.