Когон туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқароларнинг савдо дўконлари маҳаллий ҳокимлик томонидан ноқонуний тарзда бузилган. Мулкдорлар ер участкалари олиб қўйилганлигидан норози бўлиб, бузилган савдо дўконлари учун компенсация ундириб бериш ва савдо дўконларига тенг миқдорда ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўраб, туман адлия бўлимига мурожаат қилган.
Мурожаатлар туман адлия бўлими томонидан ўрганилганда, Бухоро вилояти ҳокимининг 2017 йил 22 майдаги “Бухоро вилоятидаги “Етти пир” зиёратгоҳи мажмуаларидан “Баҳоуддин Нақшбанд” мажмуасини қайта реконструкция қилиш ҳақида”ги фармойиши ва Когон туман ҳокимининг 2017 йил 3 августдаги тегишли қарорига асосан мазкур ҳудудда марказий автотураргоҳ ва миллий ҳунармандчилик расталари қуриш учун мазкур бино-иншоот буздирилган бўлса-да, ер эгасининг розилиги олинмаганлиги ва ердан фойдаланувчи ҳамда ижарага олувчи билан келишув бўйича тегишли равишда туман ҳокимининг қарори чиқарилмаганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомда (ўша вақтда амалда бўлган) ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича — тегишли ҳокимликларнинг қарори бўйича ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилиши белгиланган.
Аммо туман ҳокимлиги томонидан мулкдорлар хабардор қилинмаган ва уларга тенг қийматли янги ер участкаси ҳам, компенсация ҳам берилмаган.
Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан ўтган йилнинг декабрь ойида туман ҳокимлигига тақдимнома киритилган бўлсада, ҳокимлик томонидан мулкдорларга тенг миқдорда ер участкаси ажратиш ва компенсация тўлаш масаласи ҳал қилинмаган. Шундан сўнг туман адлия бўлими томонидан мулкдорларнинг манфаатини кўзлаб, уларга ер участкаси ажратиш ва компенсация тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Шунга биноан, суднинг тегишли ҳал қилув қарори қабул қилиниб, мулкдорлар фойдасига жавобгар Когон туман ҳокимлигидан компенсация ва бошқа харажатлар учун жами 429 миллион 587 минг 859 сўм ундириладиган бўлди ва буздирилган савдо дўконлари ер майдонига тенг ер участкаси ажратиш мажбурияти юкланди, дея хабар беради Когон туман адлия бўлими бошлиғи Ҳабиб Қорёғдиевнинг сўзларига таяниб, hudud24.uz сайти.