Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг ёзишича, учрашувда 200 нафардан ортиқ фуқароларнинг уй-жой, тадбиркорлик, қурилиш, моддий ёрдам олиш каби 20 дан ортиқ йўналишдаги мурожаатлари тингланди. Хусусан, кредит, моддий ёрдам олиш, бандлик, қурилиш билан боғлиқ 74 та мурожаатнинг 58 таси шу жойинг ўзида ҳал этилди.
Дарвоқе, мурожаатчилардан бири кутилмаган таклиф билан келган экан. Аниқроғи, у Ўрта Чирчиқ туманига ҳоким бўлиш истагида келганини яшириб ўтирмади...
– Ўғлимни уйлантиришимиз керак, тўй қилишга имкониятимиз етмай турибди. Қолаверса, маҳалламизда йўлни асфальт қилиш, симёғочларни янгилашда муаммолар бор, — дейди фуқаро Эътибор Рўзматова. — Шу масалада вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Тўй қилишимизга амалий ёрдам бериладиган бўлди. Йўл қурилиши ва электр энергияси билан боғлиқ муаммо ижобий ҳал этилиб, амалий ишлар бошланадиган бўлди. Бундан жуда хурсандмиз.
Учрашувда маҳаллада гузар ташкил этиш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун имконият яратиб бериш борасидаги таклифларга ҳам ечим топилди. Хусусан, Янгийўл тумани “Самарқанд” МФЙда яшовчи Мерганбой Шакаров ҳудуд ёшларини спорт билан шуғулланишига етарли шароит яратиш мақсадида стадион қуришни режалаштирганини айтиб, мутасаддилардан маслаҳат олди.
Тошкент тумани “Тутзор” МФЙда яшовчи фуқаро Шоислом Шомансуров вилоят ҳокими иштирокида ташкил этилган аввалги қабулларда газ, электр энергияси, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаат қилган ва ушбу масалалар ижобий ҳал этилган эди. Мурожаатчининг бу гал канализация тизимидаги камчиликлар юзасидан кўтарган масаласи ҳам ҳал этилиб, вилоят ҳокими томонидан назоратга олинди.
Қабул давомида суд-ҳуқуқ масаласидаги 50 дан ортиқ ҳамда ҳудуларга тегишли айрим мурожаатлар ижроси туман-шаҳар ҳокимлари ва соҳа масъуллари томонидан назоратга олинди.