Маълум қилинишича, Меҳнат кодексининг 404-моддасига мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Шунингдек, 2025 йил 9 декабрда қабул қилинган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонунда ҳам давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш, амалга ошириш тартиби ва минимал суғурта стажи Вазирлар Маҳкамаси ваколати экани белгиланган.

Ушбу Қонунга асосан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарори билан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори суғурта стажига мутаносиб равишда ҳисобланиши жорий этилди. Бунда қуйидаги стаж коэффициентлари қўлланилади:

  • 10 ойдан 24 ойгача — 75 %,
  • 25 ойдан 60 ойгача — 85 %,
  • 61 ой ва ундан ортиқ — 100 %.

Мазкур тартиб Меҳнат кодексига зид эмас. Чунки Кодексда ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун ўртача иш ҳақининг камида 75 фоизи миқдорида нафақа тўланиши кафолатланган бўлиб, уни тайинлаш ва тўлаш механизмларини белгилаш Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киради.

Давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланадиган нафақалар ижтимоий ёрдам эмас, балки суғурта бадалларини тўлаш натижасида шаклланадиган суғурта ҳуқуқидир. Шу боис, нафақа олиш ҳуқуқи суғурта тизимида иштирок этиш билан бевосита боғлиқ.

Аввалги тартибда (2026 йил 1 январга қадар) ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари асосан иш берувчи томонидан тўлангани сабабли, суғурта бадаллари билан нафақа олиш ҳуқуқи ўртасида мутаносиблик мавжуд эмас эди. Бу айрим ҳолларда нафақа олиш мақсадида меҳнат муносабатларини қисқа муддатга сунъий расмийлаштириш ҳолатларига олиб келган.

Шунинг учун янги тизимда минимал суғурта стажи талаби жорий этилди. У барча расмий ишловчи фуқаролар учун тенг шарт-шароит яратиш, суиистеъмолларнинг олдини олиш ва тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Бу механизм аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини чекламайди, аксинча, расмий бандлик ва суғурта тизимида узлуксиз иштирокни рағбатлантиради.

Қайд этилишича, бундай талаблар халқаро амалиётга ҳам мос келади. Жумладан, Франция, Япония, Қозоғистон, БАА, Хитой ва бошқа давлатларда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш учун 10–12 ойлик минимал суғурта ёки иш стажи талаб этилади.

Янги тартиб Халқаро меҳнат ташкилотининг 102-сон (“Ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари тўғрисида”) ва 183-сон (“Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”) Конвенциялари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, ижтимоий суғурта тизимининг адолатли ва барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган қонуний механизм ҳисобланади.