«Бўстон кластер»нинг пахта тозалаш корхонасида йиғилган қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳамда фермер хўжалик раҳбарлари сўзга чиқиб, пахтакор деҳқонларнинг пешона тери билан бир қанча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариб, маррага, яъни ҳосилни йиғиб олишдек масъулиятли мавсумга етиб келганликлари билан табриклади. Шунингдек, барчани ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб-териб олишга бор имкониятни сафарбар қилишга чақирди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари сўзга чиқиб, бободеҳқон меҳнати эвазига етиштирилган ҳосилнинг сифатли териб олинишида фермер хўжаликларига куч-ғайрат тилади. 2020 йил пахта йиғим теримида фаоллик кўрсатган фермер хўжаликлари раҳбарларига жамият томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар топширилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилда туманда 10 минг 195 гектар ер майдонига чигит экилган бўлиб, элликқалъалик фермерлар кластерга 31 560 тонна пахта хомашёсини сотишни режалаштирган. Етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш бўйича туманда жами 217 та терим отрядлари ташкил қилиниб, уларга 19088 нафар теримчилар бириктириб берилди.

Тумандаги барча пахтачилик фермер хўжаликларида пахта йиғим-терими жадал суръатларда бошланиб кетди.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири