Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси ташкил этилганига икки йил тўлди. Шу ўтган вақт давомида Президентимизнинг оқилона сиёсати, қолаверса, давлат солиқ хизмати органлари фаолиятига бўлган эътибори сабаб солиқ маъмурчилиги тубдан ислоҳ этилди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг амалиётга жорий этилиши баробарида солиқ қонунчилиги замон билан ҳамнафас, мамлакатимиздаги амалий жараён билан ҳамоҳанглашди. Кечаётган қатор ислоҳотлар фонида Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси ташкил этилиб, мамлакатнинг айни жабҳадаги сиёсати янада халқчиллашди, бошқа давлатларга намуна бўлгулик тарзда янги босқичга кўтарилди.

Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан юртимизда солиқ тўловчиларни сегментлаш тизимини жорий этиш ва “Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси”ни ташкил қилиш белгиланди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги қарори билан Инспекция низоми тасдиқланди.

Инспекциянинг ташкил этилишидан асосий мақсад,  йирик солиқ тўловчилар ҳисобини юритишни ташкил этиш ва улардан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган солиқлар ва йиғимларни тўлиқ тушишини таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ўзаро ҳамкорлик асосида сервис-техник хизмат кўрсатилишини амалга оширишдан иборат бўлган.

Жумладан, илгари йирик солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботлари топширишни ва тўловини бир неча ҳудудий солиқ органларига амалга оширган бўлса, ҳозирда ҳисоботлар ва тўловар фақат Ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси орқали амалга оширилмоқда.

Икки йиллик тажрибадан шу маълум бўлдики, бу каби индивидуал ёндашув корхона ва солиқ органлари ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашда ва солиқ билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда жуда қўл келмоқда. Яна бир эътиборли жиҳат, Инспекцияда ҳар бир корхонага масъул ходим бириктирилган. Солиқ тўловчи ўзини қизиқтирган ҳар қандай саволга ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз керакли жавобни тез муддатда олиш имконига эга бўлди. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда йирик солиқ тўловчиларнинг барча вакилларини жамлаган махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур мулоқот воситаси ёрдамида корхона ҳисобчиси солиқ маъмурчилиги билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат юзасидан мутахассислардан тезкор маълумот, зарур маслаҳат ва методик ёрдамни олиш имконига эга бўлмоқда.

Шу ўтган вақт мобайнида йирик солиқ тўловчилар маъмуриятчилигини такомиллаштириш йўлида қатор амалий ишлар қилинди. Мазкур саъй-ҳаракатларнинг самарасини бугунги натижалардан ҳам билиш мумкин.

Фикримиз тасдиғи сифатида мавжуд кўрсаткичларга мурожаат қилсак. 2019 йилда йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланган солиқлар ва йиғимлар, ўша йили республика миқёсида йиғилган жами солиқ тушумларининг 63,4 фоизини ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 65,3 фоизни ташкил этиб, тушумлар 128 фоизга ошди. 2021 йилнинг биринчи ярмида жами бюджет тушумидаги улуши 66,2 фоиз натижани қайд этиб, тушумлар 135 фоизга ошишига эришилди.  Шу статистик маълумотлардан келиб чиққан ҳолда бемалол Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси фаолиятини тизимдаги бошқа инспекцияларга намуна сифатида кўрсатиш мумкин.

Инспекция жамоасининг солиқ тўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, юзага келган муаммоларни бартараф этишдаги ўзаро ҳамкорлик ўртадаги ишончнинг мустаҳкамланишига хизмат қиляпти.

Натижада, ихтиёрий солиқ тўловларини амалга ошириш ҳолатлари салмоғи ортди. Шунингдек, солиқ тўловчиларга яхши муомала қилиш, ортиқча тўловларга йўл қўймаслик, солиқ қарзини камайтириш каби масалаларга жиддий ёндашиш ҳам ишончли ҳамкорликнинг бардавомлигига ижобий таъсир кўрсатаётир.

Масалан, илгари асосий солиқ тушумлари ойнинг охирги кунларида тушар эди ва бу эса ўз навбатида бюджетдан харажатларнинг кечиктириб амалга оширилишига сабаб бўларди. Солиқ тўловчиларга тўғри тушунтирилганлиги сабабли ҳозирда асосий солиқ тушумлари ойнинг 25 санасигача таъминланмоқда. Масалан, 2020 йилнинг январида ойлик бюджет тушумининг 78 фоизи 25-санагача амалга оширилган бўлса, 2021 йилнинг июнь ойига келиб, 92 фоиз солиқ тушумлари 25-санагача амалга оширилмоқда.

Яна бир муҳим масалани айтиб ўтиш жоиз. Ҳеч кимга сир эмас, илгари корхоналардан ортиқча тўлов қилиб прогнозларни бажариш ҳолатлари ҳам бўлган. Ҳозирда бундай ҳолатларга мутлақо чек қўйилди. Ишониш қийин, аммо корхоналарга ўзимиз хат билан чиқиб ортиқча тўлаб қўйманг, ундан кўра, ушбу маблағни бизнесингиз ривожи учун ишлатинг, деб мурожаат қилаяпмиз. Натижада, ортиқча тўлов суммаси йил бошига нисбатан 56 фоизга камайди.

Кўрсаткичларнинг йилдан-йилга ортиб боришини солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилгани билан изоҳлаш мумкин. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозим, яратилган иқтисодий имкониятларга қарамасдан, айрим йирик солиқ тўловчилар иштирокида турли ноқонуний солиқ схемаларидан фойдаланиш орқали солиқларни яшириш, солиқдан қочиш каби ҳолатлар учраб турибди. Шу каби йирик солиқ тўловчиларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилиб, улар томонидан ўтган йиллар мобайнида давлат бюджетига тўланиши зарур бўлган солиқлар ва йиғимлар қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилмоқда.

Бугун давлат солиқ хизмати назорат қилувчи органдан хизмат кўрсатувчи идорага айлангани Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлашдан мамнунмиз. Солиқ маъмурчилигини тубдан ислоҳ қилиш ҳақида гап борганда бир хил солиқларнинг унификация қилингани, солиқ ставкаларининг пасайтирилгани, айрим тўловларнинг бекор қилинганини айтиш мумкин. Солиқ хизмати органлари тадбиркорларнинг ишончли бизнес ҳамкорига айланиб бораётгани Давлатимиз раҳбарининг илгари сураётган халқчил сиёсати ҳамда Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ маъмурчилигини яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг натижаси, юртимизда олиб борилаётган истиқболли ислоҳотларнинг самараси, деб ўйлайман.

Бобомурод МАХМАЁРОВ,

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро

давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи