Бугунги кунда оила ва рўзғор ташвишларидан ортиб жамиятнинг барча жабҳаларида фаол бўлишга интилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳунар ўрганиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга кенг имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан, Бўзатов туманида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни туман марказидаги ҳунармандлар аллеясида фаолият юритиб келаётган “Хурлиман” тикув цехида бир ой давомида ўқитиш ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Эътиборли жиҳати, бу ерда қизлар тажрибали устозлардан бичиш-тикиш сирларини ўрганиб, сертификатга эга бўлишмоқда. Ҳунар ўрганган хотин-қизлар тикувчиликни йўлга қўйиб, оиласи фаровонлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Туманда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, касбий кўникмаларни эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш борасида ишлар давом этмоқда.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири