Бу йилги фестиваль ўтган йиллардагига нисбатан янаям юқори савияда, ўзгача руҳда ўтиши кутиляпти.
Фестивалда миллий ҳунармандчиликнинг 34 та йўналиши бўйича 1 000 дан ортиқ, шундан хорижий мамлакатлардан 30 дан ортиқ ҳунармандларнинг иштироки кутилади.
Фестиваль Бухоро вилоят ҳокимлиги, Республика «Ҳунарманд» уюшмаси ва Бухоро вилояти бошқармаси, вилоят Туризм ва спорт бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкиллаштирилган.
Фестиваль анъанавий миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, уни халқаро миқёсида кенг тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, ҳунармандчилик ва туризмни янада равнақ топтириш, Бухорони жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Президентимиз ташаббуси билан «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз фуқаролар, имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида павильонлардан жой ажратиш кўзда тутилган.
Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан, қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатлардан уста ҳунармандлар, сайёҳлик ташкилотлари мутахассислари, хорижий давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари ташрифлари кутиляпти
Хуршид Яҳёев,
«Ҳунарманд» уюшмаси
Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи.