Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жамиятда тартиб-интизомни таъминлаш, шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Бу жараённи самарали ташкил этиш учун тегишли давлат органлари ва муассасалар томонидан тизимли фаолият юритилиши талаб этилади.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш жамиятда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Ушбу жараённи самарали ташкил этиш учун нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзи, балки турли давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий муассасалар, таълим тизими, соғлиқни сақлаш сектори ва жамоат ташкилотлари ўртасида яқин ҳамкорлик зарур.

Профилактика — бу ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тизимли ва режали чора-тадбирлар мажмуасидир. Унинг асосий мақсади — шахсларни ҳуқуқбузарлик содир этишдан қайтариш, уларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, ҳамда мавжуд таҳдидларга нисбатан иммунитет ҳосил қилишдир. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳуқуқбузарликни профилактикасини амалга ошириш учун комплекс ва интеграциялашган ёндашув зарур. Бундай ёндашувда ҳар бир орган ва муассаса ўзининг ўрни ва вазифасига эга бўлиб, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги, ахборот алмашиш ва ресурсларни бирлаштириш орқали жиноятчиликка қарши самарали кураш олиб бориш мумкин.

Дарҳақиқат, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилиш, ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлаш ва жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ҳамкорлик — бу мақсадларни амалга ошириш учун турли шахслар, ташкилотлар ёки гуруҳлар ўртасида ўзаро ёрдам, ресурсларни бирлаштириш ва тажриба алмашиш жараёнидир.

Ҳуқуқбузарлик профилактикаси, жамиятдаги ҳуқуқни бузилишларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади. Бу жараёнда бир нечта давлат органлари ва ташкилотлар ўзаро ҳамкорлик қилишади. Ҳуқуқбузарлик профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлиги – бу жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат муассасалари ўртасидаги самарали ва мувофиқлаштирилган фаолиятдир.

 “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўгрисида”ги қонуннинг 9-моддасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими келтирилган бўлиб, уларга қуйидагилар киради:

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизимига қуйидагилар киради:

ички ишлар органлари;

прокуратура органлари;

Давлат хавфсизлик хизмати органлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органлари;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари;

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;

адлия органлари;

давлат божхона хизмати органлари;

давлат солиқ хизмати органлари;

меҳнат органлари;

таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари;

давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари;

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий  бўлинмалари каби давлат органлари ва муассасалари фаолият кўрсатади. Ҳуқуқбузарлик профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ваколатлари деганда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликни камайтириш, жамиятда ҳуқуқий тартибни сақлаш ва ижтимоий хавфсизликни таъминлашга қаратилган турли орган ва муассасалар томонидан бажариладиган ҳуқуқий, ташкилий ва амалий фаолиятлар тушунилади.

Ушбу ваколатли органларнинг ҳуқуқбузарлик профилактикасига оид вазифаларни самарали бажариш учун зарур бўлган қонуний ҳуқуқий асосларни ўз ичига олади.

Масалан, Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатларига қуйидагиларни мисол сифатида келтирсак мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

мамлакатдаги, айрим минтақалардаги, туманлар ва шаҳарлардаги криминоген вазиятни ўрганади, мавжуд кучлар ва воситалардан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишда фойдаланилиши самарадорлиги таҳлилини амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

ҳуқуқбузарликларнинг, уларни содир этган шахслар ва ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларнинг ҳисобини юритади, мазкур маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади;

ўзига нисбатан профилактик ҳисобга олиш юритиладиган шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширади;

фаолияти тақиқланган ташкилотларга ва диний-экстремистик йўналишдаги гуруҳларга алоқадор бўлган шахсларни аниқлайди, уларга нисбатан чора-тадбирлар кўради;

паспорт-виза режимига, фуқаролар ва юридик шахслар томонидан фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаш қоидалари ҳамда тартибига риоя қилиниши устидан назоратни таъминлайди;

жиноятларни фош этишда ва терговга, судга келишдан бўйин товлаётган шахслар ҳамда бедарак йўқолган фуқаролар қидирувида иштирок этади;

ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини кўради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати органлари ҳам ўзига хос ваколатларни амалга оширадилар. Жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

халқаро жиноий ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва таҳлил қилишни, миллий хавфсизликка улардан келиб чиқувчи таҳдид даражасини баҳолашни амалга оширади, тегишли органлар ва муассасаларга зарур ахборотни тақдим этади;

тинчлик ва хавфсизликка қарши ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳисобини юритади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, ушбу давлат органлар ўртасида самарали ва узлуксиз ҳамкорлик таъминланган бўлиб, унда умумий мақсадлар қамраб олинган, масалан, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш каби вазифалар билан уйғунлашганлигиникўришимиз мумкин.

Ҳар бир давлат органи ва муассасаси ўзининг функционал вазифаларини бажариш билан бирга, бошқа давлат органлар билан ахборот алмашиш, ресурслар билан таъминлаш ва муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун ҳамкорлик қилади ва фаолият юритади. Уларга ёрдамчи сифатида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этувчи бошқа давлат органлари ва муассасалари ҳам мавжуддир.

Улар сирасига Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар, Ёшлар ташкилотлари, Соғлиқни сақлаш муассасалари, Ижтимоий хизматлар ва реабилитация марказлари, Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва ОАВ билан биргаликда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабардорликни ошириш ва профилактика тадбирларини ўтказиш бўйича иш олиб боришади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳуқуқбузарлик профилактикасининг муваффақиятли амалга оширилиши фақатгина жиноятчиликни қисқартиришга ёрдам бериб қолмай, балки жамиятда қонунларга ҳурмат ва ижтимоий тартибни сақлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар фаолияти  ҳамкорлигининг мустаҳкамлаш, биргаликта асосий вазифаларини белгилаш, уларнинг масъулиятини ошириб ҳуқуқбузарлик профилактикаси амалга оширишда ҳамкорликни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Умуман олганда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси нафақат давлат органлари, балки бутун жамият иштирокини талаб этадиган мураккаб ва долзарб жараёндир. Бу соҳада фаолият олиб борувчи органлар ва муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлиги,  самарали профилактик механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали жамиятда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мумкин.

Тошкент давлат юридик университети

профессори М.Ўразалиев