Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этишнинг ўзига хос амалиёти йўлга қўйилиши натижасида қатор ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилди.

Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатяптики, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига комплекс ёндашув шаклланмагани, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга асосан ҳуқуқий нуқтаи назардан эътибор қаратилаётгани ҳуқуқбузарликларнинг асл сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда барҳам беришга салбий таъсир этмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада ривожлантириш учун қатор вазифаларни амалга ошириш талаб этилади.

Биринчидан, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг субъектлари тизимини қайта кўриб чиқиш, уларнинг асосий вазифа, функция, ҳуқуқ ва мажбуриятларини янгитдан ишлаб чиқиш зарур.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар тизими (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, адлия, давлат божхона хизмати, давлат солиқ хизмати, меҳнат, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар) ва уларнинг ваколатлари белгиланган.

Бироқ таҳлиллар бу борада бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Улар қуйидагилардан иборат:

— ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар тизимида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш органлари, мактабгача таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, судлар кўрсатилмаган. Ваҳоланки, мазкур субъектлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун уларни ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар тизимига киритиш лозим.

— ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ҳуқуқий мақоми тўлиқ белгиланмаган. Хусусан, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг 2-бобида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар, уларнинг ваколатлари белгиланган. Бироқ ҳуқуқ назариясидан маълумки, ҳуқуқий мақом фақат ваколатлардан иборат бўлмайди. Унинг таркибий элементлари тегишли субъектнинг вазифа, функция, ҳуқуқ ва мажбуриятларидан таркиб топган бўлади. Шу сабабли ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг асосий вазифа, функция, ҳуқуқ ва мажбуриятларини биргаликда белгилаб қўйиш лозим.

Иккинчидан, ҳуқубузарликларнинг ижтимоий профилактикасини ривожлантириш зарурати мавжуд. Хусусан, ҳуқуқбузарликларни ижтимоий ҳодиса сифатида тушуниш, унинг ҳақиқий сабабларини ижтимоий, иқтисодий, психологик, тиббий ва педагогик муаммолар тизимидан излаш лозим. Шу билан бирга, муаммоларни “маҳаллабай”, “оилабай” ва “фуқаробай” аниқлаб, уларни ҳал этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “ижтимоий профилактика” тизимини жорий этиш, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари”ни юритиш кабилар айнан ижтимоий профилактика ҳисобланади.

Фикримизча, ижтимоий профилактикага қуйидагича таъриф берган маъқул: “Ижтимоий профилактика – бу ижтимоий, иқтисодий, психологик, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа муаммолар юзага келишининг олдини олиш, шунингдек, бундай муаммолар юзага келганда уларни ҳал этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган фаолият ҳисобланади”.

Учинчидан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳудудлар методикасини ишлаб чиқиш ва янгилаб бориш лозим. Жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш амалдаги қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Бунда республика миқёсида ягона тартиб-таомиллар жорий этилади. Бироқ бу борада ҳуқуқнинг муайян ҳудудларда ўзига хос илғор тажрибалари ҳам вужудга келади. Гап шундаки, республикамизда ҳар бир ҳудуд ўзининг баъзи жиҳатлари (аҳолисининг таркиби, машғулоти, ҳудудий-географик жойлашуви, маҳаллий аҳолининг урф-одатлари, иқтисодиёти, ижтимоий қадриятлари, криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларнинг сифат ва миқдор кўрсаткичлари ҳамда динамикаси ва ҳоказо) билан бошқа ҳудудлардан муайян даражада фарқ қилади. Ана шу фарқли жиҳатларни инобатга олиш жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда ижобий натижа беради.

Президентимиз ўз маърузаларидан бирида “Одамлар тинч яшаши учун бутун мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратишимиз шарт.

Биз Ички ишлар вазирлиги тизимида ваколат ва функцияларни қуйи бўғинга тушириб, уни чинакам халқчил тизимга айлантиришимиз зарур.

Бу борада илмий ёндашув ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этамиз.

Ҳар бир жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳар қайси ҳудуд ўз тажрибасини яратиши керак.

Бу борадаги ишлар самарасини ошириш учун ички ишлар вазири, Миллий гвардия қўмондони ва Бош прокурор республика ҳудудларига шахсан масъул этиб белгиланади”, деб таъкидлаган эди.

Ҳудудлар тажрибасини ишлаб чиқишда криминоген вазият оғир бўлган жойларда ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ҳамда уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни “илмий диагноз” асосида аниқлаш ва бартараф этишни назарда тутувчи “Намунавий хавфсиз ҳудуд” комплекс чора-тадбирлар дастурининг илмий-методик асосларини ишлаб чиқишга алоҳида аътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини илмий-методик таъминлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси оддий, жўн фаолият эмас. Мазкур фаолият илмий жиҳатдан асосланган бўлиши лозим.

Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юкланган вазифаларни ижро этиш, жумладан, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда илмий ёндашувларни жорий этиш ҳамда мазкур органларнинг профилактик фаолиятини илмий-методик таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида ички ишлар органлари фаолиятида фан ютуқлари, замонавий технологиялар ва ахборот тизимларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида фан ютуқларидан фойдаланишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини илмий-методик таъминлаш, муайян ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳудудлар методикасини ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув фаолияти ва жиноятларни тергов қилиш соҳасида мавжуд бўлган муаммолар бўйича фундаментал ва амалиётга йўналтирилган илмий тадқиқотларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Бешинчидан, ҳуқуқбузарликлар профилакткасига фуқароларни кенг жалб этиш даркор. Чунки ҳуқуқ-тартиботни сақлаш, жамоат тартибини таъминлашда фуқароларнинг иштироки муҳим амалий аҳамиятга эга. “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси “фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги иштироки” деб номланган бўлса-да, бу борада фуқароларнинг ҳуқуқлари белгиланмаган. Бу ўринда “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бу борадаги ишларни изчил давом эттириш лозим.

Олтинчидан, комплекс ёндашув ва яхлит тизимни яратиш, уларни методик жиҳатдан бирлаштириш керак. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда энг қуйи бўғиндан республика даражасигача самарали фаолиятни йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш лозим.

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам бу борада муайян вазифалар белгиланди. Хусусан, “республика – вилоят – туман – маҳалла” тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмларини жорий этиш, ички ишлар ва бошқа давлат органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш орқали мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш вазифаси қўйилди. Ана шундан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузарликлар профилактикаснинг яхлит республика тизимини яратиш, бу жараёнда идоравий манфаатларни кескин рад этиш ва бу борада горизонтал ҳамкорликнинг янги маханизмларини яратиш, маҳалла – туман – вилоят – республика иерархиясини вужудга келтириш лозим.

А.ТУРСУНОВ,

ИИВ академияси профессори,

юридик фанлар доктори

А.МУРОДОВ,

ИИВ академияси доценти,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори