Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги ПФ-4947-сон фармони билан бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишлар белгилаб олинди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4166-сон қарори эса ушбу соҳани янги босқичга олиб чиқиш учун чинакам тамал тоши бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Юқорида келтириб ўтилган Президент қарорининг биринчи банди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши лозимлиги келтириб ўтилган.

Хўш, ушбу таклифнинг маъқулланишига қандай омиллар сабаб бўлди?

Авваламбор, ҳуқуқбузарликларнинг содир қилиниши инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиш ҳамда давлат ва жамоат манфаатларига путур етказиш орқали содир этилар экан, бу соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг етарлича билим ва кўникмаларининг етарли эмаслиги ушбу соҳадаги кадрлар заҳирасини замонавий ўқитиш методлари орқали шакллантиршни даврнинг ўзи тақозо қилар эди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида асосий фигура бу барчамиз билган профилактика инспекторларидир. Шундай экан, уларни юридик билимга эга бўлиши жуда муҳим ҳисобланади. Ушбу лавозимда фаолият юритаётган ходимларнинг мутахассислигини таҳлил қилиш орқали шундай хулосага келиш мумкинки, уларнинг аксарияти ноюридик олий маълумотга эга ходимлар ҳисобланади. Бу эса тегишли масалалар юзасидан мурожаат қилган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек қонунчиликни етарлича қўллай олиш каби масалаларда камчиликларга йўл қўйилишига олиб келиши мумкин.

Мазкур муаммоларга барҳам бериш учун Президентнинг ПҚ-4947-сон қарорига мувофиқ Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда мазкур Филиалда жами 866 нафар талаба таҳсил олиб келмоқда. Шунингдек, бугунги кунга қадар ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларида профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ходимларининг 200 нафардан ортиғи қайта тайёрланди.

2021-2022-ўқув йили Филиал жамоаси учун жуда муҳим ҳисобланади, зеро мазкур ўқув йилида биринчи қалдирғочларимиз филиални битириб, ўз касбий фаолиятларини бошлашади.

Ўз-ўзидан савол туғилиши мукин. Филиалга ҳужжат топшириш ва ўқитиш қай тартибда амалга оширилади?

Ушбу саволга жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июндаги «Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби ва ўқув жараёнини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мурожаат қиламиз. Қарорнинг олтинчи бандида талабгорнинг бўйи ҳақида сўз боради ва талабгор бўйининг баландлиги қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб бериши талаб этилиши белгилаб ўтилган:

эркакларга — 165 сантиметрдан паст бўлмаслиги;
аёлларга — 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги.

Қабул квотаси эса 255 нафарни ташкил қилиб, 18-25 ёш оралиғидаги Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турувчи фуқаролар орасидан шакллантирлади. Бу кўрсаткич фақат тайёрлаш курслари учун амал қилади ва ўқитиш давомийлиги уч йилни ташкил қилади. Бундан ташқари 50 нафар олий ноюридик маълумотга эга бўлган ички ишлар ва Миллий гвардия бўлинмаларида фаолият юритаётган кадрларни махсус олти ойлик дастур асосида қайта тайёрлаш назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Филиалнинг асосий вазифаси юриспруденция соҳасида базавий ва амалий касбий тайёргарликни таъминлашга қаратилган ўқув режалари ва дастурлари асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳисобланади. Филиал томонидан бакалавриатни тамомлаган битирувчиларга бериладиган диплом ички ишлар органларига Ички ишлар вазирлиги академиясида махсус касбий тайёргарликни ўтмасдан, лейтенант махсус унвони берилган ҳолда хизматга қабул қилиш учун асос бўлади.

Улфат Шоназаров,

Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Давлат-ҳуқуқий
фанлар кафедраси мудири в.в.б.