Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан биридир. Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари бу борада ўз ечимини кутаётган устувор вазифаларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Айни пайтда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлар, илм-фан ва таълим муассасалари ҳамкорлигида ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент давлат юридик университети ҳам бу борада ўзига хос лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. “Ҳуқуқингиз бор” лойиҳаси ана шундай ташаббуслардан биридир.

Лойиҳанинг асосий мақсади  аҳоли, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий онг ва  маданиятини ошириш, долзарб ва қизиқарли мавзуларда ҳуқуқий-оммабоп рисолалар нашр этиш ҳамда кенг оммага етказишдир. Шу мақсадда университетнинг етакчи мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, шунингдек, ёш олимлар томонидан тайёрланган жами 20 та рисола тўплами нашр этилди.

Ушбу рисолаларда  ер олиш, бола учун алимент ундириш, зўравонликдан ҳимояланиш, йўл ҳаракатида қатнашиш, мерос олиш, меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммоли вазиятларнинг ечимини топиш каби ҳаётимизда тез-тез учрайдиган долзарб мавзулар қамраб олинган. Мазкур рисолалар омма орасида бепул босма ва электрон шаклда тарқатилиши режалаштирилган.

Рисолаларнинг электрон нусхаларини тарқатиш учун “Legal Tech” лабораторияси томонидан стартапларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган “Huquqiy shahar” веб-платформасидан фойдаланилмоқда. Бу йўналишда вебсайт ҳамда мобил илова ишлаб чиқилган. Рисолаларнинг электрон матнлари қонунчиликдаги ўзгаришларга мувофиқ янгиланиши ҳам назарда тутилмоқда.

“Huquqiy shahar” мобил иловаси Android ва iOS операцион тизимларига мўлжалланган бўлиб, бу фойдаланувчилар учун рисолаларнинг электрон шаклларини олиш имконини таъминлайди.

Мобил илова, шунингдек, фойдаланувчиларга рисолаларни оффлайн ўқиш имконини ҳам таъминлайди. Фойдаланувчиларга рисолалар матнидаги янгиликлар ҳамда янги рисолалар ҳақида push-хабарларни юборади. Ўқувчилар саволларни ҳам жўнатиши мумкин. Бу, ўз навбатида, лойиҳанинг интерактивлигини оширади.

 

                                                         Баҳор Хидирова,

                                                         “Янги Ўзбекистон” мухбири