Давра суҳбати «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан ташкил этилди.Тадбирда адлия, прокуратура органлари, суд, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Адлия вазирлиги ташкил этилганлигининг шонли 30 йиллигида амалга оширилган ишлар, ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг кечаги ва бугунги кундаги ҳолати, ҳуқуқий ахборотни кенг жамоатчиликка содда ва қизиқарли етказилишида суд-ҳуқуқ идоралари ва журналистларнинг ҳамкорлиги зарурати муҳокама қилинди.
Давра суҳбатини «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори Фурқат Тожиев кириш сўзи билан очиб бериб, тадбирга келган меҳмонларни Адлия органларининг шонли 30 йиллиги билан қутлади ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг замонавий босқичдаги аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Бугун ҳуқуқий ахборот, тарғибот материаллари ҳам аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрланяпти. Масалан, марказимиз томонидан чоп этилган аёллар ҳуқуқларига оид қўлланмада аёллар билиши зарур бўлган барча ҳуқуқлари жамланган. Шу билан бирга ҳуқуқий ахборотни тарқатишда замонавий усуллар қўлланяпти. Инфографикалар, солиштирма жадваллар, қисқа тезислар, кичик матнлардан иборат ҳуқуқий ахборотлар тайёрланяпти. Ҳуқуқий тарғиботда интерактив усуллардан — викториналар, тест ва бошқа усуллардан кенг фойдаланиляпти. Ва бу борадаги ишлар янада такомиллаштирилади» — таъкидлади Ф.Тожиев
Шерзод Баҳронов, «Адолт» МҲАМ директори ўринбосари:
— 2017-2021 йиллар барча соҳалар қатори ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимини ислоҳ қилишда ҳам туб ўзгаришлар даври бўлди. Адлия вазирлиги қошида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси сифатида «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази янгидан ташкил этилди. Бугунги кунда ҳуқуқий ахборотни тарқатишда инновацион ёндашувлар қўлланиляпти.
Жумладан, Марказ томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба — LEX.UZ сайти юритиляпти, ҳозирги кунда ушбу базада 100 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб, бир ойда 1,5 миллион одам сайтда мунтазам фойдаланиб келади.
Шунингдек, Марказ томонидан замонавий ахборот технологияларидан, хусусан интернет ва ижтимоий тармоқлар – telegram, facebook, instagram, YouTube орқали ҳуқуқий ахборотни кенг тарқатишга алоҳида аҳамият берилган. Шу билан бирга аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда 290 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатиб борувчи «Ҳуқуқий ахборот» телеграм канали (@huquqiyaxborot)нинг ўрни катта.
Барча аҳоли қатламларини бепул ҳуқуқий ахборот ва маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 10 га яқин ҳуқуқий сайтлар (advice.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, yurxizmat.uz, kurslar.huquqiyportal.uz, hudud24.uz) ишга туширилган.
Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларга турли ҳуқуқий ҳужжатларни автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда тайёрлаш ва эркин фойдаланиш имконини берувчи махсус ахборот тизими яратилган. Ушбу Legal Tech конструктор-платформаси орқали 500 дан ортиқ шартномалардан бепул фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, тадбирда Марказ томонидан ҳуқуқий ахборот тарқатишда алоҳида аҳамият касб этувчи махсус доирада қўлланмалар тайёрланиб чоп этилаётганлиги, жумладан, фуқароларга ўта муҳим бўлган ҳаётий масалаларга оид қўлланма бепул тарқатилганлиги маълум қилинди.
Давра суҳбатида ҳуқуқий ахборот тарқатишда прокуратуранинг ўрни мавзусида ҳам маъруза тингланди. Унда ҳуқуқий ахборот тарқатиш ҳозирги куннинг асосий мавзуси эканлиги, прокуратура органлари ушбу йўналиш бўйича алоҳида шуғулланиши ва уларнинг фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Давра суҳбатида судларнинг аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш борасида вазифалари, қонун ҳужжатларини бевосита ижрочилар томонидан кенг оммага тўғридан-тўғри етказишда судьяларнинг асосий вазифалари, «ОАВ ва ҳуқуқий ахборот» каби мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, низоли ҳолатларда фуқаролар судга мурожаат қилишлари ва бу жараёнда улар кўплаб қонунчилик ҳужжатларига дуч келишлари, айни шундай ҳолатларда ҳуқуқий ахборотдан хабардорликнинг юқори бўлиши муҳим эканлиги таъкиланди. Шу билан бирга суд жараёнининг ўзи ҳам фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришда аҳамияти катта эканлиги, суддаги ҳар бир ҳолат ҳаётий мисол орқали ҳуқуқни англашларига ва огоҳ бўлишларига ёрдам бериши таъкидлаб ўтилди.
Давра суҳбати якунида ЎзЖОКУ профессори Ёқутхон Маматова томонидан «Ҳуқуқий ахборот қандай тарқатилса зерикарли бўлмайди?» мавзусида маърузаси тингланди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан таклифлар билдирилди. Жумладан, ҳуқуқий телеканал ташкил қилиш, журналистика университетларида алоҳида ҳуқуқий журналистика факультетларини очишга оид, журналистлар учун маҳорат дарслари ташкил қилиш ва бошқа бир қатор таклифлар айтилди. Давра суҳбати қизиқарли баҳс-мунозараларга бой бўлди.
«Адолат» МҲАМ матбуот хизмати.