Шу боис, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш давлатимиз олдида турган долзарб масалалардан биридир.
Фуқароларнинг ҳуқуқий билими онги ва маданияти юксак даражада бўлсагина, улар ижтимоий ҳаётда бўлаётган ўзгаришларга фаол муносабатда бўлади, шахсий фикрларини билдирган ҳолда, жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.
Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ўз навбатида, давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилиш, амалдаги қонун ҳужжатларини танқидий таҳлилдан ўтказиш, давр талабларидан келиб чиқиб, уларга тегишли ўзгартиришлар киритиш, эскирган ва тараққиётга тўсиқ бўлаётган меъёрларни бекор қилиш билан бевосита боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар давридан ўтаётган экан, мамлакат аҳолиси ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятидаги ўзгаришларни ўрганиб бориш ва тегишли социологик тадқиқотларни ўтказиш мазкур соҳаларда вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш ва манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш имконини беради.
Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш борасидаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Бугунги кунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила ‒ маҳалла ‒ таълим муассасаси ‒ ташкилот ‒ жамият” принципи тизимли ва узвий ташкил этилмоқда.
Ҳуқуқий онг тушунчасига оид манбалар ва фикрлар кўплигига қарамасдан, бу масалага ёндошувда муайян ноаниқликлар, турли фикрлар мавжудлиги ва баъзан эса уларнинг бир-бирига зид ҳолатини кузатиш мумкин. Шу боис, бугунги кунда ҳуқуқий онг тушунчаси бўйича ҳуқуқ назариясида айтилган фикрларни танқидий бир назардан ўтказиб, уларда умумийлик ва ўзгача ёндошувларни аниқлашга ҳаракат қилишимиз лозим.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “...қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади”. Ўз навбатида бу борадаги фаолиятни такомиллаштириш қонунни ҳурмат қилиш, ҳуқуқий жамиятнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимларнинг самарали фаолият кўрсатишининг асосий талабларидан бири бўлиб қолади.
Шу билан бирга, ҳар бир фуқарога ҳуқуқий саводхонлик нафақат жавобгарликка дучор бўлмаслик учун, балки, аввало, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун билан белгиланган қўшимча афзалликлардан фойдаланиш ёки жамият ва давлат олдидаги ўз мажбуриятларини сидқидилдан бажариш учун ҳам керак.
Ҳуқуқий тарғибот орқали фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, биринчидан, уларнинг ижтимоий ҳаётда, давлат ишларида онгли ва фаол иштирок этишлари шарти бўлса, иккинчидан, уларнинг фаровон турмуш тарзини, умумий маданиятини шакллантириш, учинчидан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамиятда ва кишилараро муносабатларда осойишталик, ўзаро тенг ҳуқуқли ҳамкорликни, яъни, бир сўз билан айтганда адолатли, маънан баркамол ва юксак ҳуқуқий маданиятли жамиятни қуриш омилидир.
Махмут УТЕМУРАТОВ,
Тошкент давлат юридик университети профессори