Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонун ҳужжатларини аҳолига ва ижрочиларга етказиш, норма ижодкорлиги ва юридик хизматларни такомиллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Халқ қабулхоналарига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилиниб, 30 та соҳа (йўналиш) бўйича манзилли тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб борилмоқда. Шунингдек, тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда жиноятчилик кўрсаткичи ҳамда ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудлар рўйхати шакллантирилган. Мазкур ҳудудларда манзилли ва предметли тарғибот тадбирлари кучайтирилди. Вазирлик томонидан 2019 ва 2020 йил биринчи ярми давомида жами 520 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Пандемия вақтида фуқаролар билан қайта алоқани ўрнатиш мақсадида улар учун долзарб ва кундалик ҳаётда кўп дуч келинадиган ҳолатлар бўйича вазирлик веб-сайтида 21 та йўналишни ўз ичига олувчи алоҳида «Сўраган эдингиз» бўлими очилиб, ҳозирга қадар ушбу бўлимда жами 400 га яқин савол-жавоблар жойлаштирилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий маслаҳатга бўлган эҳтиёжини масофавий тарзда қондириш мақсадида телеграм мессенжерида @huquqiy_maslahatbot, @notariusmaslahatibot, @davxizmataloqa_bot каби телеграм ботлари ишга туширилди.

Фуқароларга ўзлари истаган вақтда ҳуқуқий маълумот билан танишиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Интернет тармоғида Ўзбекистон қонун ҳужжатлари миллий базаси – “LexUZ” фаолияти янада такомиллаштирилди. Мазкур сайтдан бир кунда 45 мингтагача одам фойдаланаяпти, кунлик фойдаланувчилар сони охирги 4 йилда 3,5 баробарга ўсди.

Шунингдек, вазирлик ҳуқуқий тарғиботда янги лойиҳаларни амалга оширган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга қаратилган, барча аҳоли қатламларини бепул ҳуқуқий маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 5 та ҳуқуқий портал (advice.uz – e-maslahat.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, hudud24.uz) ишлаб чиқди. Тадбиркорлар учун бепул ҳуқуқий маълумот ва маслаҳат оладиган “Advice for business” юридик портали ишга туширилди.

«Мадад» бюролари томонидан 12 мингга яқин фуқароларга хизмат кўрсатилди, “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали 60 мингдан ортиқ саволларга онлайн режимда жавоб берди, сайёр ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилди. Вазирлик раҳбарияти томонидан бевосита ҳудудларда ўтказилган 40 дан ортиқ сайёр қабуллар жараёнида жами 3 799 нафар жисмоний ва юридик шахс қабул қилинди.

Вазирлик томонидан имконияти чекланган, кўзи ожиз шахсларга ўз ҳуқуқларини тушунтиришга кўмаклашиш мақсадида халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилган ҳолда брайл алифбосида 2 томдан иборат «Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами» 2 минг ададда нашр этилди ва у кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид 29 та қонун ҳужжатлардаги нормаларни ўз ичига олган.

Шу билан бирга, бу йўналишда соҳада ечимини кутаётган долзарб вазифалар ҳам бор. Бир қатор давлат органлари ва ташкилотлари ўз соҳасига оид қонун ҳужжатларини аҳоли ва ижрочиларга етказишга етарли даражада эътибор қаратмаяпти. Тадбирда бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан адлия вазири ўз таклифларини билдирди.

Шунингдек, вазирлик томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ҳужжатлар, ишлаб чиқилган юридик ҳужжатлар ва уларнинг самарадорлиги, эскирган идоравий ҳужжатларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Адлия вазирлиги томонидан келгусида амалга оширилиши кутилаётган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.