Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вазирининг мамлакатимизга ташрифи Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг шу йил 11-12 март кунлари Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи якунлари бўйича икки томонлама келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
23 мартда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг қирғизистонлик ҳамкасби билан расмий учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида томонлар икки томонлама идоралараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар, жумладан, жиноятчиликка қарши кураш, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган шахсларни қидириб топиш, чегараолди ҳамкорлик, касбий тажриба алмашишни фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Қирғизистонлик меҳмон ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, тизим фаолиятига ахборот технологияларни жорий этилишининг ижобий натижалари, шунингдек, жиноятчиликни камайтириш ҳамда унинг олдини олиш борасидаги ишларни маҳаллабай амалга оширишнинг йўналишлари бўйича батафсил таништирилди.

Шу билан бирга, учрашувда ҳамкорликнинг амалдаги ҳуқуқий базасини янгилаш масаласи диққат марказида бўлди.
Конструктив мулоқот натижалари бўйича томонлар ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражада амалга ошириш учун бир қатор кечиктириб бўлмайдиган, шунингдек тизимли ва узоқ муддатли чораларни кўришга келишиб олдилар, деб хабар беради ИИВ матбуот хизмати.