Ички ишлар вазирлиги академиясида республика оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган пресс-тур доирасида иштирокчилар таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Уларга Академиянинг замонавий қиёфаси, инновацион технологиялар билан жиҳозланган аудиториялар, назарий ва амалий машғулот ўтказиш хоналари, маънавият ва маърифат масканлари, спорт комлексида яратилган шарт-шароитлар, ходимлар ва тингловчи-курсантлар учун яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ахборот-ресурс марказининг конференция залида “Ички ишлар органлари учун кадрларни тайёрлаш: ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида Академия раҳбарияти, тегишли таркибий тузилмалар бошлиқлари иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққан таълим маскани бошлиғи, полковник Рустам Ҳатамов мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилаётган эътибор, сўнгги йилларда соҳани янада такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилди.
Таъкидлаш жоизки, Ички ишлар вазирлиги Академияси 1994 йил 2 сентябрда ташкил этилган. Ўтган йиллар мобайнида маскан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун етук малакали кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Академияда таълим кундузги ва сиртқи йўналишда амалга оширилади. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб кундузги таълим шаклига қабул асосан Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда профилактика инспекторларининг ёрдамчилари таркибидан амалга оширилмоқда. Бунда курсантлар “тезкор-қидирув фаолияти”, “тергов фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “хизмат фаолиятини психологик таъминлаш фаолияти”, “йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти”, “жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассисликлари бўйича таълим олади.
Тингловчи-курсантларнинг сифатли таълим олиши, жанговар-жисмоний чиниқиши, эркин ижодий фаолият билан шуғулланиши, иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши, изланиши ва ўз устида мустақил ишлаши учун қўшича шарт-шароитлар яратилди. Уларнинг билим салоҳиятини юксалтириш, ташаббусорлиги ва фидоийлигини қўллаб-қувватлаш, танлаган касбига бўлган садоқатини кучайтириш мақсадида иқтидорли ёшларни рағбатлантириш тизими яратилди. Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида тўгараклар фаолияти янада такомиллаштирилди. Халқаро тажриба алмашинувини ривожлантириш асносида профессор-ўқитувчилар, ходимлар, тингловчи ва курсантларнинг педагогик маҳорати, малакаси мунтазам ошириш ҳамда мақсадли ўқитиш йўлга қўйилди.
Президентимизнинг жорий йил 15 апрелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни мақсад йўлидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қарор асосида амалиётга мутлақо янги тизим татбиқ этилмоқда.
Соҳа учун кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “узлуксиз ўқув-карьера” жараёни йўлга қўйилмоқда. Янги тартибга кўра, эндиликда ички ишлар органлари раҳбарлар таркибининг тегишли лавозимларга тайинланиши учун ходимлар Академия магистратурасида ўқишлари шартлиги алоҳида белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, Академиянинг тингловчи-курсантлари ҳамда профессор-ўқитувчилари ҳам хорижий ҳуқуқ-тартибот идораларининг етакчи таълим муассасаларида таҳсил олиб, мунтазам равишда малака ошириб боради.