Суҳбат чоғида Иҳаб Таҳер Ислом олами фан, таълим ва маданият ташкилоти (ICESCO) делегацияси таркибида икки маротаба Ўзбекистонга боргани, ICESCO томонидан Тошкент ва Бухоро шаҳарлари Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилингани, шунингдек, заминимиз Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк уламолар юрти эканлигини таъкидлади.
У 2024 йилда Маданият, туризм ва атроф-муҳит бўйича II-халқаро ёшлар форумини Ўзбекистонда давлат раҳбари раҳнамолигида ташкил этиш таклифини билдирар экан, Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси мазкур анжуманни ўтказиш учун Ўзбекистоннинг танланишига асосий сабаб бўлганини айтди.
Суҳбатдошнинг маълум қилишича, форумдан кутилаётган асосий мақсад Ўзбекистонда Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган муваффақиятлар, республикада учинчи Ренессанс даврининг бошланганлигига эътибор қаратиш, мамлакатнинг табиий гўзаллиги, сайёҳлик салоҳияти ва бой кўҳна маданий мероси билан таништириш, Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари ва аъзо бўлмаган давлатлар ўртасида маданий алмашувга ҳамда маданиятлараро ҳамкорликка ҳисса қўшиш ва бошқа қатор муҳим ғоялар билан изоҳланади. Шунингдек, анжуман доирасида турли мавзуларни қамраб оладиган семинарлар, маърузалар, Ўзбекистон университетлари билан танишув, зиёратгоҳларга бориш, мамлакатнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш ва бошқа қатор тадбирларнинг ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Иҳаб Таҳернинг маълум қилишича, Маданият, туризм ва атроф-муҳит бўйича I-халқаро ёшлар форуми жорий йил декабрь ойида Саудия Арабистонининг "Неом" футуристик шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу тадбирда бутун дунёдан 300 нафарга яқин ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қатнашиши кутилмоқда.
Халқаро мусулмон ёшлар иттифоқи (IUMS) бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган бўлиб, у Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ёрдамчи тузилмаларидан бири ҳисобланади.