Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлилик ва ҳамкорлик бошлангани, давлат сиёсати ва бошқарувининг инсоннинг ривожланиши, унинг манфаатларини қондириш институти сифатида транформациялашуви, авторитар бошқарувга барҳам берилгани, инсон, матбуот, диний эркинликлар қоғозда эмас, балки ҳаётда юз бераётгани, давлат халқ иродасини ифода этувчи ва давлат идораларининг халққа хизмат қилиш институтига айлангани, яратилган шарт-шароитлар самараси ўлароқ жамият ва давлат дарди билан яшайдиган ватандошларимиз кўпайиб бораётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган янги Ўзбекистонни қуриш ислоҳотларининг натижаларидир.

2017 йил 3 август куни давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашганди. Бу учрашувга тўрт йил тўлиши муносабати билан адабиёт, санъат ва маданият соҳаси фидойиларининг ҳозирги янги Ўзбекистонни ривожлантиришдаги ўрни ва жамиятда тутган ўрни тўғрисида мулоҳазалар қилишга зарурат туғилиши табиий ҳолдир.

Бир умр сиёсий жараёнлар ва давлат бошқаруви соҳасида тажриба орттирган, ўз Ватанига фидойилик билан меҳнат қилган, ўз тарихини чуқур ва теран англаган, ўз давлати ва халқининг келажаги учун фидойи бир инсон сифатида Президентимиз Шарқ мутафаккирларининг аксарияти ўзига ватандош экани, нима учун шунча асрлардан бери янги Ренессанс яратишга қобил бўлган ижодкор зиёлилар пайдо бўлмагани сабабларини ўйлаганига шубҳа қилмаймиз. Албатта, унинг қуйидаги фикри шунчаки пайдо бўлмаган: “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

Кўҳна тарихга разм солсак, бир томондан, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, иккинчи томондан, ҳурфикрлиликка интилиш, учинчи томондан, ўз давридаги машҳур ҳукмдорларнинг илм-фан, адабиёт, санъат учун қулай шарт-шароитлар яратиши ва бунга ҳомийлик қилиши Ренессансларни шакллантирган асосий омиллар сирасига киришига гувоҳ бўламиз.

Шарқ Ренессанси шаклланишида Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма”ни ташкил этишга шарт-шароитлар яратган халифалар Абу ал-Жаъфар (753-774 йй.), Хорун ар-Рашид (787-810 йй.), ал-Маъмун (813-833 йй.), Хоразмдаги “Дорул ҳикма ва маориф” (“Мажлиси уламо”)ни шакллантиришда Али ибн Маъмун (997-1010 йй.), иккинчи Ренессанснинг шаклланишига ижодий муҳит яратган соҳибқирон Амир Темур (1370-1405 йй.), Шоҳруҳ (1409-1447 йй.), Мирзо Улуғбек (1409-1549 йй.) кабилар муҳим роль ўйнаганлар.

Ғарб Ренессансини бошлаб берган Флоренция Республикасида Козимо Медичи (1434-1464 йй.), Лоренцо Медичи (1469-1492 йй.), Францияда Франциск I (1515-1547 йй.), Генрих II (1519-1547 йй.), Екатерина Медичи (1547-1559 йй.), Карл IX (1560-1574 йй.) ва Генрих III (1574-1589 йй.), Германия ҳудудида Карл V Габсбург (1516-1556 йй.), Максимилиан I (1486-1519 йй.) каби ҳукмдорлар шахсан ўзлари юксак маърифий, адабий ва маданий қарашларга эга бўлгани учун ҳам улар бошқарган мамлакатларда Уйғониш даври юзага келди.

Демак, Ренессанс шаклланиши учун, албатта, давлат ва унинг ҳукмдорининг ҳомийлиги, бу жараёнга бошчилик қилиши, шарт-шароит яратиши зарур бўлади. Мамлакатимиз тарихида жадидлар Ренессанси шаклланиши учун маърифатли сиёсий тизим, мутафаккир ҳукмдор етишмаган, аксинча, давлат тепасидаги ҳукмдорлар жадидлар ислоҳотларига ашаддий қаршилик қилган эди.

Мамлакатимизда давлат раҳбари томонидан Учинчи Ренессанс пойдеворига тамал тошини қўйиш унинг президентлик фаолиятининг дастлабки давриданоқ бошланди. Шу асосда янада улуғвор стратегик вазифа – Ренессанс руҳиятини ўзида ифода этадиган ижодкор зиёлилар ижтимоий қатламини шакллантириш режаси шаклланди.

Президентимизнинг 2017 йил 3 августда зиёлилар билан учрашуви шунчаки оддий мулоқот эмас, балки янги Ўзбекистонга хос бўлган ижодкор зиёлиларни шакллантиришдаги муаммоларни ва уларнинг ечимларини аниқлаш, юқори ижодий даражаларга кўтарилиш шарт-шароитларини яратиш, зиёлиларни ҳаракатга келтириш, уларнинг маърифий уйғонишдаги асосий янги мақсад ва вазифаларини аниқлаштириш каби эзгу ниятлар зарурати эди. Масаланинг долзарблиги, унинг мамлакат тараққиёти билан узвий боғлиқ экани бу тадбир танқидий руҳда ўтишига сабаб бўлди.

Учрашувда зиёлиларнинг ҳозирги фаолияти халқимизни қониқтирмаётгани, уларда янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаётгани, ижодий муҳит қандайдир турғунликка тушиб, бир жойда депсиниб тургандай, аксарият ижодкорлар ўз ташвиш ва муаммолари билан ўралашиб қолгандай таассурот пайдо бўлгани таъкидланиб, адабий ва маданий соҳадаги жиддий муаммоларнинг сабаблари ва илдизлари очиб берилди.

 Шунингдек, давлат раҳбари зиёлиларнинг жамиятда уйғониш пойдеворини қуришдаги тарихий ролини ойдинлаштириб, маданият ва санъат арбоблари ҳамиша жамиятни ривожлантириш йўлида янги ғоялар генератори бўлишини қайд этиб, улар ўз асарлари, фаол фуқаролик позицияси билан одамларни эзгу мақсад ва марралар сари бошлаши, илҳомлантириши керак эмасми, деган саволни ўртага ташлади.

 Шу билан бирга, давлат раҳбари ижодий уюшмалар ва маданият соҳасидаги давлат идоралари фаолиятида тадбирбозлик, хўжакўрсинга ишлаш, сусткашлик ва лоқайдлик кайфиятлари пайдо бўлгани, уларнинг аксарияти фақат юқоридан буйруқ кутиб ишлашга ўрганиб қолгани, фаолиятида умумий мақсад учун жон куйдириш, ташаббус ва ташкилотчилик сезилмаётгани каби нохуш ҳолатларни танқид қилди. Ижодкор зиёлилар ўртасида танқидий руҳ сезилмаётганини “соғлом танқид, баҳс ва тортишув бўлмаган жойда чинакам ижод бўлмайди”, деган азалий аксиома билан далиллаб берди. Учрашувда кўтарилган энг катта муаммолардан бири замонавий қаҳрамон образини яратиш масаласи бўлди.

Албатта, учрашувда Президент томонидан тилга олган масалалар мазмун-моҳиятига синчиклаб эътибор берсак, уларнинг ҳаммаси адабиёт, санъат ва маданиятнинг жамият маънавий ҳаётини ривржлантириш, улар таъсирида халқимиз маънавий дунёсини бойитиш, жамият ва давлатни баркамол ёшларга мерос қилиб қолдиришдек эзгуликларга дахлдор. Бошқачароқ айтсак, Учинчи Ренессанс учун ижтимоий-маданий шарт-шароитлар, инсоний салоҳиятни шакллантириш истиқболлари ва тадориклари тўғрисида сўз кетмоқда.

Ренессанслар тарихи буюк мутафаккирлар номларию меросларидан иборат. Шунинг учун ҳам АҚШнинг машҳур қўшиқчиси Жон Фогерти “Шоирлар ва рассомларга нисбатан икки марта кўп ҳуқуқшунослар тайёрлайдиган жамият ҳалокатга маҳкум”, деганида минг марта ҳақ эди.

Ўша тарихий учрашувдан кейинги тўрт йил ичида Президентнинг санъат ва маданиятни ривожлантиришга оид фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 1 ноябрдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, маданият ва санъат соҳалардаги истеъдодли ва истиқболли ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини инобатга олиш, илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилгани учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкаларини ошириш чоралари кўрилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Маданият вазирлиги тизими муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ва даромадлари жамғарилишини таъминлаш, Маданият вазирлиги тизими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида вазирлик ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

2018 йил 28 ноябрда Президент қарори билан Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Концепциянинг асосий мақсадларидан бири маданиятнинг устуворлигига урғу бериш, жамият ҳаёти сифатининг янада юқори даражасини таъминлаш, унда фуқароларнинг ҳамжиҳат бўлишига эришиш, маънавиятли, масъулиятли, мустақил фикрловчи ижодкор шахсни шакллантириш деб белгиланди. Умуман, концепцияда маданият ва санъатнинг барча жабҳаларини ривожлантириш назарда тутилди.

Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йилга келиб мамлакатда маданият марказлари сони 826 тага етди. Бу марказлар таркибида 4522 та тўгарак фаолият юритиб, уларда 52 970 нафар ҳаваскор (улардан 37340 таси ёшлар) қатнашди. Улардаги халқ ҳаваскорлик жамоаси мақомига эга бўлган 482 та жамоада 5000 дан ортиқ ҳаваскор бор. 367 та маданият маркази тубдан таъмирланди.

Тасвирий ва амалий санъат соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, яъни иккинчи Ренессанснинг йирик вакили Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган атоқли рассом ва халқ усталари хотирасини абадийлаштириш, ижодий йўналишда олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2020 йил 21 апрелда Президентимизнинг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди, уни нишонлашга оид чора-тадбирлар режаси белгиланди.

Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш, соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, республиканинг барча ҳудудларида театр, музей, кўчма цирк ва ҳайвонот боғлари фаолиятини доимий равишда йўлга қўйиш, маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш, маданият органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш вазифалари қўйилди.

Фармонда маданият ва санъат соҳасини ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, ижодкор зиёлиларга ижтимоий ва давлат буюртмалари беришнинг ҳуқуқий асослари мужассамлашди. Шунингдек, унда Ўзбекистон давлат консерваториясининг ўзбек мақом санъати факультети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси — Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, давлат муассасаси шаклидаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи этиб қайта ташкил этилди. В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари тегишлича В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабларига айлантирилди. Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги иқтидорли болалар академик лицейи ҳамда Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби негизида Маданият вазирлиги тизимида Республика мусиқа ва санъат коллежи ташкил этилди. Бу билан маданият ва санъат соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг янги тизими шакллантирилди.

Президентнинг мазкур фармонига биноан, Маданият вазирлигига маданият марказлари учун янги бинолар қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш режалари белгиланди. Шундан келиб чиқиб, Маданият вазирлигининг “2021-2024 йилларда маданият марказларининг бинолари комплексини қуриш ва жиҳозлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 459 та янги маданият маркази қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш белгиланди.

Мамлакатимизда 4748 та археология ёдгорлиги, 2250 та архитектура ёдгорлиги, 678 та монументал санъат ёдгорлиги, 532 та диққатга сазовор жой, жами 8208 та объект моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Уларни муҳофаза қилиш ғоят муҳим масала экани инобатга олиниб, Президент фармонида Маданий мерос департаменти фаолиятини мутлақо янги принциплар асосида ташкил этиш назарда тутилди. Шунингдек, маданий мерос объектларининг аксарияти қадимийлиги, уларни асрашда вужудга келган муаммоларни, бу жараёнларни замонавий фан ва технологияларисиз амалга ошириш мушкуллиги эътиборга олиниб, Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилгани муҳим воқелик бўлди.

2020 йил 26 майда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга биноан, Маданият вазирлиги тизими – вазирлик, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимлари учун давлат бюджетидан соҳадаги харажатлар учун Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ходимларга лавозим маошига белгиланган коэффициентларда моддий рағбатлантириш қўшимча пул тўлаш жорий этилди.

Президент фармонлари ва қарорларини ижросини таъминлаш асносида Маданият вазирлиги тизимида 2017-2020 йилларда 12 та янги – Мўйноқ Экология музейи, Шаҳрисабз шаҳрида Мақом музейи, Фарғона вилоятидаги Эркин Воҳидов уй-музейи ҳамда мемориал музейи, Ҳазиний уй-музейи, Қўқон шаҳрида Буюк алломалар музейи, Бухоро вилоятида Мутал Бурхонов уй-музейи, Самарқанд вилоятида Эргаш Жуманбулбул ўғли ёдгорлик музейи, Наманган вилоятида Исҳоқхон Ибрат, Жиззах вилоятида Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Шароф Рашидов ёдгорлик музейлари, Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий уй-музейи ҳамда Абдулла Қодирий мемориал музейи ишга туширилди.

Бундан ташқари, Президентимиз 2020 йил 20 ноябрда киноижодкорлар билан учрашди. У “Ўзбекфильм” киностудиясига ташриф буюрди ва шу ерда кино санъати фахрийлари, режиссёрлар, соҳа мутасаддилари билан суҳбатлашиш чоғида қуйидаги фикрни билдирди: “Кино жуда мураккаб, халқимиз, жамиятимиз учун муҳим соҳа. Илгари “Ўзбекфильм” студияси хароба ҳолга келиб қолганди. Кўп жойлари, бинолари ижарага бериб юборилганди. Мана, ҳаммаси ўз эгасига — киночиларга қайтарилди. ...Етарли эътибор бўлмагани сабабли мамлакат кино санъатида турғунлик пайдо бўлган эди. Фақат енгил-елпи, тижорат картиналари яратилиб, соҳа ривожи дунёдан ортда қолиб кетди”.

Дарҳақиқат, ўзбек миллий киноси жаҳонда машҳур кинофильмлар ишлаб чиқариш даражасига кўтарила олмади. Янги тарихий фильмлар – “Имом Термизий”, “Исломхўжа”, “Элпарвар”, “Қўқон шамоли”, “101”, “Ибрат” ҳали мамлакатимиз ҳудудидан ташқарига чиққани йўқ. Шунинг учун ҳам давлат раҳбарининг “Юртимиз тарихи ҳақида албатта фильм бўлиши керак. Бунга вақт келди”, деган талаби адолатлидир.

Давлатимиз кейинги тўрт йил ичида кино ижодкорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. 60 йил илгари қурилган, ташландиқ ҳолатга тушиб қолган “Ўзбекфильм” киностудияси биноси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тўлиқ янги қиёфа касб этди. Янги қурилган иккита суратга олиш павильони, иккита студия ишга туширилди. Кинофильмларни яратиш, бу соҳадаги ижодкорлар ижтимоий ҳаётини яхшилашга оид чора-тадбирлар кўрилди. Албатта, халқимиз кино ижодкорлар томонидан яқин йиллар ичида Ренессанс ва замонамиз қаҳрамонларини барча қирраларини намойиш қиладиган сара фильмлар яратишларига умидвор бўлиб турибди. Ҳозирги даврда Ренессанс пойдеворини яратишда кинодан таъсирлироқ куч йўқ.

Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида тaълим-тapбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони миллий таълим-тарбия тизимини замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадини қўйди. 

Мазкур фармонни ҳаётга жорий этиш асносида ёшлар ичидан бўлажак ижодий зиёлилар шаклланишига зарурий шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди.

Мамлакатдаги 10 008 та умумтаълим мактабида ҳаммаси бўлиб 2 451 нафар, шулардан 730 нафар ёзувчи, шоир, ижодкор ва журналист, олий таълим муассасалари ижтимоий гуманитар кафедраларининг 1 721 нафар профессор-ўқитувчиси ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида фаолият юрита бошлади. Улар олдига бадиий адабиёт орқали ўқувчилар қалбида миллий руҳ, ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғуларини тарбиялаш, китобхонликни ривожлантириш, ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш, саралаш, улар учун ижодий тўгараклар ташкил этиш ҳамда режа асосида маҳорат сабоқларини олиб бориш вазифаси қўйилди. Уларга ҳақ тўлашнинг молиявий манбалари аниқлаштирилди. Шу тариқа адабиёт ва санъат мактаб ўқувчилари орасига кириб борди. Тошкент шаҳрининг ўзида мактабларга 314 та шоир, ёзувчи, санъаткор, ижтимоий-гуманитар фанлар профессор-ўқитувчилари жалб этилди.

Кўриниб турибдики, таълим тизимида ўқувчилар ижодий истеъдодини шакллантириш, улар онгида уйғониш даври таассуротларини шакллантириш, адабиёт, санъат ва маданий соҳаларда ўзларини намоён қилишлари соҳасидаги ишлар авж олиб бормоқда. Президент мактаблари, янги очилган миллий ва хорижий олий ўқув юртлари маъанавий-маърифий ва ижодий ҳаёт марказларига айланмоқда. Албатта, бу жараёнлар биз учун тарихий янгиликлар, бошқача айтганда, маънавий инновациялардир.

Президентимизнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувидаги маърузасини Ренессанс пойдеворини шакллантириш стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида баҳолаш мумкин. Иқтисодиёт, ижтимоиёт, сиёсий тизим каби соҳаларда чуқур ислоҳотлар самараси ўзини намоён қилаётган бир пайтда маданий ва маънавий ҳаётнинг орқада қолишига йўл қўйиб бўлмасди. Шунинг учун ҳам Ренессанснинг кўзга тез ташланадиган, халқаро ҳаётга кучли таъсир этадиган олий даражадаги санъат, адабиёт ва маданият асарларини яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланган эди.

Ренессанс сўзи қанчалик жарангли эшитилмасин, уни қуришга инсон салоҳияти ва тафаккурининг кучи етади. Чунки ренессанс деганда, аввало, инсоннинг ўз эркинлиги ва ижодий салоҳиятини намойиш эта олиш даражасига эришиши, ўз ҳаётининг мазмунли эканини ҳис этиши, юксак санъат ва маданият асарларини ярата олиш қобилиятини эгаллаши, ўз меҳнати фароғатини кўриши каби инсоний олий қадриятлар кўз олдимизга келади. Қисқа қилиб айтганда, ренесссанс – бу инсоннинг, халқнинг уйғониши демакдир. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари Ренессанс пойдеворини қуришга астойдил, ғайрат-шижоат билан киришди. У бу йўлда ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтмоқда, ўзи бошлаган ва амалга ошираётган ислоҳотлар истиқболларига чин дилдан ишонади. Албатта, бу туб ўзгаришлар, биринчи навбатда, халқ учун, унинг фаровонлиги учун, унинг дунёга танилиши учун амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қисқа давр ичида мамлакатда амалга оширган ислоҳотларининг натижаларини идрок этар эканман, яна бир бор тарихда шахснинг роли беқиёс баланд эканини ҳис қилдим. Бир шахснинг давлати ҳокимияти бошқаруви тепасига келиши мамлакат қиёфасини, халқ дунёқарашини шунчалик тез ўзгартириб юбориши, албатта, ҳайратланарли ҳодисадир. Шу паллада беихтиёр соҳибқирон Амир Темурнинг қуйидаги пурҳикмат фикри эсга тушади: “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир. Чунки тажрибали бир киши минглаб кишига иш буюради”.

Биргина ижодий зиёлилар шарт-шароитлари ва фаолликларини ошириш соҳасидаги сиёсатни амалга ошириш бизнинг қайси йўлдан кетаётганимизни англатади. Бу йўл “Янги Ўзбекистон” деб аталадиган тараққиётнинг мутлақо янги босқичидир, Учинчи Ренессанс пойдеворига тамал тоши қўйиш давридир. Бошқача айтганда, янги Ўзбекистонни жаҳонга танитиш, замонавий цивилизациялашув ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш даврига киришдир.

Муқимжон ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

сиёсий фанлар доктори, профессор