Давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш ва аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш борасида муҳим вазифаларни олдимизга қўяр экан, «2025 йил — ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда ҳал қилувчи йил бўлади», дея таъкидлади.
Халқимиз ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши, обод турмуш кечириши, саломатлигини тиклаши, фарзандларининг таълим-тарбия олиши борасида қатъий амалга оширишимиз лозим бўлган устувор вазифаларни адо этиш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади.
Бу саъй-ҳаракатларнинг самарали амалга ошиши ва натижадорликка эришишда, албатта, ижро интизоми муҳим ўрин тутади.
Шахсий масъулият, темир интизом, касбий ғурур ва профессионал маҳорат ижро интизомининг мустаҳкам пойдеворидир.
Белгиланган вазифаларга эришишнинг асосий жиҳатлари соҳани тизимли ўрганиш ва амалга оширилган чора-тадбирлар самарадорлигини таҳлил қилиш натижасида аён бўладики, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг эришган муваффақиятлари асоси ижро интизоми ҳисобланади.
Барча вазирлик ва идораларда ижро интизомини таъминлаш мақсадида «Ijro.gov.uz» идоралараро электрон тизими жорий этилган, ушбу тизим орқали қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таҳлил қилиш ва ҳисобини юритиш имкони мавжуд. Мана шу имкониятлардан келиб чиқиб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида ижро интизоми «марказий аппарат — тасарруфий ташкилотлар — ҳудудий бўлинмалар» шаклида технологик занжир асосида ташкил этилган.
Шу билан бирга, Президентимизнинг 2023 йил 24 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, қоғозсиз иш юритишга ўтиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида «edo.ijro.uz» электрон ҳужжат айланиш тизими ишга туширилган.
Бу эса, ўз навбатида, электрон ҳужжатлар алмашинувини тезлаштириш, топшириқлар ижро ҳолатини реал вақт режимида кузатиш ва ижро муддатини бузган масъулларга қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш имконини беради.
2024 йилда «edo.ijro.uz» электрон ҳужжат айланиш тизими орқали жами 44,3 мингта топшириқ рўйхатга олинди.
Хусусан, Президентимизнинг фармон, қарор ва мажлис баёнларида 1 843 та, Президент Администрацияси ҳужжатларида 371 та, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида 994 та, ҳукумат комиссияси топшириқларида 175 та, Бош вазир раҳбарлигидаги йиғилиш баёнлари ва топшириқ (резолюция)ларида 1277 та, шунингдек, вазирлик ва идоралардан келиб тушган ҳужжатлардаги 41 минг 612 та вазифа ижрога қаратилган.
Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун «Ijro.gov.uz» ягона электрон тизимида назоратга олинган ҳар бир топшириққа календарь режа ҳамда вазир ўринбосарлари кесимида «йўл харита»лари ишлаб чиқилиб, топшириқлар ижроси кунбай назорат қилиб борилмоқда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 февралдаги «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида «Ijro.gov.uz» ягона электрон тизимидаги топшириқлар ижроси юзасидан ҳар ҳафта душанба куни раҳбар ҳузурида, ҳар ҳафтанинг жума куни эса раҳбар ўринбосари ҳузурида танқидий муҳокама ўтказиш ҳамда Назорат ва ижро интизоми бўлими ижро учун топшириқ бириктирилган ходимлар билан индивидуал тарзда ишлаш ва уларга кўмаклашиш тартиби йўлга қўйилган.
Бу амалий чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. 2024 йилда «Ijro.gov.uz» ягона электрон тизимида назоратга олинган жами 1843 та топшириқдан 1732 таси ёки 94 фоизининг ижросини муддатидан олдин таъминлашга эришилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилнинг I чорагида «Ijro.gov.uz» ягона электрон тизимида 522 та топшириқ (январь — 202 та, февраль — 205 та, март — 115 та) ижроси белгиланган муддатларда сифатли таъминланиши кунбай назоратга олинган.
Устувор вазифаларнинг ўз вақтида, самарали ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, ижро этувчи ҳокимият органлари таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларининг иш юритиш малакаси ва касбий даражасини ошириш мақсадида 2025 йилнинг январь март ойларида иқтисодий ўқишларни ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Шунга мувофиқ, жорий йил 24 январь куни вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмаларининг раҳбар ва мутахассислари иштирокида иқтисодий ўқиш ўтказилди.
Бу каби ўқишлар ҳар ойда белгиланган жадвалга асосан, мунтазам ўтказиб борилади. Мазкур семинарларда Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлиги масъул ходимлари ҳам иштирок этиб келмоқда.
Ижро интизоми масаласи вазирликнинг кенгайтирилган мажлисларида мунтазам муҳокама қилиниб, бошқарув тизимининг энг қуйи бўғинигача раҳбар ва масъул ходимларнинг шахсий жавобгарлигига эътибор қаратилади. Ижро интизомига тўғри ёндашувни амалга ошириш учун вазифа бириктирилган масъул ходим, аввало, топшириқларни тўғри тушуниши зарур, бу эса ўз-ўзидан белгиланган вазифани тўлиқ бажаришга тайёр бўлишини таъминлайди.
Ҳар бир топшириқ замирида инсонлар ҳаёти ва тақдири, орзу-мақсадлари, фарзандларимиз келажаги, ватан равнақига дахлдор вазифалар мавжуд. Буни бугун бажармасак, ўйлаган ҳамда кутган натижаларимизга эриша олмаймиз.
2024 йилда 5 миллион кишининг бандлигига кўмаклашиш дастури ишлаб чиқилиб, йил мобайнида 5 миллион 265 минг аҳоли даромадли иш билан таъминланди. 326 мингта микролойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 578 мингдан ортиқ янги иш ўрни очилди.
Ерни эҳтиёжманд оилаларга ижарага бериш, уларнинг деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришини қўллаб-қувватлаш орқали ҳам кутилган натижаларга эришилди. Ижарага берилган 61,4 минг гектар экин майдонидан фойдаланиб, 158 минг 400 аҳоли даромад манбаига эга бўлди.
Аҳолининг қулай ва мўмай даромад топишида оилавий тадбиркорликнинг ўрни жуда муҳим экани, кичик бизнесни ривожлантиришда унинг аҳамияти катталигини яхши англаймиз. Ана шундан келиб чиқиб, ўтган йилда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 372 мингта лойиҳа имтиёзли кредит билан қўллаб-қувватланди.
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида ўқув курсларида 54 мингдан зиёд тадбиркор ўқитилди. Махсус ўқувларни тамомлаган тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш кучайтирилса, албатта, янада юқори натижаларга эришилади. Мана шуларни инобатга олиб, комплекс дастур доирасида курсда қўшимча таълим олган тадбиркорларнинг 90 фоизига кредит ажратилди.
Шу билан бирга, 67 минг 700 нафар ишсиз, айниқса, камбағал оила аъзоларининг тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандлик фаолиятини рағбатлантиришга субсидиялар ажратилди.
Мамлакатимиз ёшлар мамлакати, дея эътироф этилади. Бу бежиз эмас, ҳар йили юртимиз таълим муассасаларини ғайрат-шижоатга тўла бир неча юз минг ўғил-қиз тамомлайди. Уларнинг бандлигини таъминлаш эса олдимиздаги долзарб вазифаларимиздан бири саналади.
2024 йилда ўқув муассасаларини 754 минг йигит-қиз тамомлаган. Уларнинг 417 минг нафарини иш билан банд қилишга кўмаклашилди.
Ўтган йил давомида 234 минг 300 нафар ишсиз юртдошимиз касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқишга жалб этилди.
Ҳар қандай соҳада яхши даромадга эга бўлиш учун, аввало, касбни яхши ўзлаштириш, йўналишда таълим ва малакани эгаллаш муҳим. Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида касб-ҳунар ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ўтган йилда 118 минг 800 талабгор касбга ўқитиш курсларида зарур билим ва малакага эга бўлди.
Президентимиз бошчилигида камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланди, ушбу соҳада эришилган ижобий натижалар ва тўпланган миллий тажрибаларни рўёбга чиқариш учун «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури қабул қилинди.
Мамлакатимиз бўйича энг оғир аҳволдаги 1024 та маҳалла республика даражасидаги раҳбарларга бириктирилиб, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш дастури ишлаб чиқилди. Ушбу тоифадаги маҳаллаларда томорқани суғориш тармоғини яхшилаш бўйича жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилди.
Республикамизда барқарор ва юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланганлиги камбағаллик даражасини 2023 йилдаги 11 фоиздан 2024 йилда 8,9 фоизга қисқартиришга имкон яратди.
2025 йилда 1,5 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш орқали камбағаллик даражасини 6 фоизгача тушириш режалаштирилди.
Юртимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосидаги ислоҳотларни амалга оширишда ижро интизоми асосий ҳаракатлантирувчи омил эканини доим англаб, куч-ғайратимизни ўзимизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришга сафарбар этишимиз лозим.
Ботир ЗОҲИДОВ,
Камбағалликни қисқартириш
ва бандлик вазири