Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида ижро интизоми масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошқарган йиғилишда вазир ўринбосарлари, вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда ходимлари иштирок этди.
Танқидий руҳда кечган йиғилишда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг натижадорлиги бевосита уларни амалга оширишга қаратилган ҳужжатлар ва қарорлар, топшириқлар ижросини ўз вақтида ҳамда сифатли бажаришга боғлиқ экани яна бир карра алоҳида таъкидланди. Шу маънода, ҳар бир раҳбар ва ходим зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиши, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга жиддий ёндашиши, шахсий жавобгарликни унутмаслиги шартлиги қайд этиб ўтилди.
– Ҳар ким кун якунида виждони олдида ҳисоб бериши керак. Бугун нима билан банд бўлдим, қайси вазифани уддаладим, ишимдан кўнглим тўлдими – шуларни таҳлил қилиб, ўзи учун хулоса чиқариши лозим. Мана шундай масъулият ҳисси билан яшамаган одам бугунги ислоҳотлар жараёнидан ортда қолиб кетиши аниқ. Демакки, у давр талабига ҳам жавоб беролмайди. Шу боис ҳар биримиз фаолиятимизга танқидий кўз билан қарашимиз, зиммамиздаги масъулиятни сидқидилдан адо этишимиз зарур, – деди О.Назарбеков.
Йиғилишда март ойида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, шунингдек, вазирликнинг ижрога йўналтирилган буйруқларини ўз муддатида, сифатли бажариш бўйича раҳбар-ходимларга зарур кўрсатмалар берилди. Бу борада назорат қатъий бўлиши таъкидланди, деб хабар бермоқда Маданият вазирлиги ахборот хизмати.