1. Солиқ идоралари томонидан хонадонларга қўйилган тақиқ ечилган 72 та хонадонни жорий йил 1 сентябрга қадар фуқаролар номига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш.

2. Суд қарорлари ва келишув битимларига асосан банклар балансига ўтказилган 122 та ва гаровда турган 374 та хонадон бўйича суд жарёнида қайта кўриб чиқиб, кредит таъминотини пудрат ташкилотига тегишли бўлган ва тергов жараёнида хатланган мол-мулкларга алмаштириш ҳисобига жами 458 та хонадонни жорий йил 1 октябрга қадар фуқаролар номига расмийлаштирилишини таъминлаш.

3. Банк балансига олиниб, Давлат активлари агентлигига ўтказилган 59 та хонадонни қайтариб, ушбу хонадонлар бўйича даъвони тергов жараёнида хатланган мол-мулкларга қаратиш ва қайтарилган хонадонларни жорий йил 1 октябргача пул тўлаган фуқаролар номига расмийлаштириб бериш.

4. Қурилиш ишлари якунига етказилмаган 4 та кўп қаватли уйни Ҳукумат комиссияси назорати остида қўшимча маблағ ажратган ҳолда жорий йил 1 ноябрга қадар қурилиш ишларини якунлаб, фойдаланишга қабул қилиш.

Қурилиш ишлари якунлангандан кейин 459 та хонадонни жорий йил 1 ноябрдан бошлаб фуқароларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш.

Бунда қурилиш ишларини якунлаш ва аҳолини кадастр билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари – Ҳукумат комиссияси аъзоси Рахмонов Бахтияр Султанович ҳамда Яшнобод тумани ҳокими Рахмонкулов Бахтияр шахсан масъул бўлади. Штаб Иззат кўчасида қурилган уйларнинг ертўласида жойлашган сотув офисида бўлади.

5. Иккита шахс (якка тадбиркорлар ва фуқаролар) номига шартнома берилиб, сотиб юборилган 133 та хонадон ҳамда тижорат банклари балансига олиниб, сотиб юборилган 53 та хонадонга пул тўлаган фуқароларга ҳам олдин имзоланган шартномаси ҳамда тўлов квитанцияси асосида хонадонлар ажратилади.

Бунда, Иззат кўчасида қурилаётган массивдаги хонадонлар етишмаган фуқароларга Бектемир туманида қуриладиган уй-жойлардан ажратиш таклиф этилади.

6. Қурилиш тугалланмаган хонадонларни сотиб олишга шартнома имзолаган фуқароларнинг хонадон нархини тўланмаган қисмини тўлашларига қулайлик яратиш мақсадида Иззат кўчасидаги массив яқинида тижорат банки кассаси ташкил этилади.

7. Иззат кўчасида қурилган массивга кўчиб келган аҳоли учун 2024 йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан ушбу ҳудудга яқин масофада жойлашган 67-сон мактабнинг бўш ер майдонида 990 ўринли, 143-сон боғчанинг бўш ер майдонида 180 ўринга мўлжалланган қўшимча бино қурилади.