«ИТ-МАРКАЗ»ни ташкил этишдан мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг аҳоли ва ёшлар томонидан компьютер технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорликка жалб этиш, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да Давлат дастуридаги вазифаларнинг ижросини амалда татбиқ этишдир.


Тадбирда Ўзбекистон Реcпубликаси Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги ҳудудий бошқармаси раҳбари Фахриддин Аллаев, «Ўзбектелеком» АК Бухоро филиали директори Халил Турдиев, Қоракўл тумани ҳокими ўринбосари Ўткир Шарипов, «ИТ-МАРКАЗ» резидентлари, ахборот технологиялари соҳаси қизиқувчилари, ўқувчи-ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Замонавий иншоотда барпо этилган рақамли технологиялар – «ИТ-МАРКАЗ»да барча қулайликлар яратилган. Ўқув хонасида 20 дан ортиқ компьютерлар мавжуд. Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида компьютер саводхонлиги, дастурлаш асослари, компьютер графикаси, киберспорт, робототехника, веб ва мобил иловалар яратишга оид жами 19 та фан дастурлари ишлаб чиқилган.


«ИТ-МАРКАЗ»да ижодкор ва иқтидорли ёшларни аниқлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижодий муҳитни шакллантириш, илғор тажрибаларини оммалаштириш ҳамда ёшларнинг замонавий ахборот коммуникация технологияларига бўлган ижодий фаоллигини ошириш мақсадида турли хил мусобақалар ва тадбирлар ташкил этиш ҳам йўлга қўйилди.