Мамлакатимизда бизнес юритишнинг ҳуқуқий жиҳатлари пухта ишлаб чиқилган. Кичик ва ўрта қатлам вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ёшларда тадбиркорликка иштиёқ уйғотишга катта эътибор қаратилмоқда.
Зотан, мамлакатимизда ёшлар аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этади. Шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш энг устувор вазифалардандир. Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг ишбилармонлар билан илк марта очиқ мулоқоти ўтказилиб, 20 август санаси юртимизда Тадбиркорлар куни деб белгилангани ёшлар ҳаётида ҳам ўзига хос из қолдирди.
Соҳага қаратилган эътибор ва изчил ислоҳотлар ёшлар орасида тадбиркорлик тобора кенгайиб бораётгани, имкониятлар кўлами янада ортаётганида ўз ифодасини топмоқда.
Ўтган бир йилдан зиёд вақт давомида ёш тадбиркорлар сони 500 минг нафардан 750 минггача ошганининг ўзиёқ фикримизга далил бўла олади.
“Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси бизнес ташаббуслар, стартап ғоялар ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш борасида эътиборга молик ишларни бажариб келмоқда.
Тадбиркорлик — ноёб қобилият. Ташкилотчилик, ижодкорлик ва ташаббуснинг эркин намоён бўлиши, янгиликка доимий интилиш, новаторлик билан тавсифланадиган бу касбнинг ўзига хос мураккабликлари бор. Юқори харажат, рақобат, хавф-хатарга доим тайёр туриш каби хусусиятлар бу соҳага қадам қўяётганлар учун бир оз қийинчилик туғдириши мумкин. Айниқса, ёш ва тажрибасиз бўлса. Масъулиятли қарорлар қабул қилиш зарурати туғилганда эса ўринли маслаҳат ва йўл-йўриқ тадбиркорлик орзусидагиларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши, янги ғоялар амалга ошишига туртки бериши ҳам мумкин.
Жамғарманинг асосий вазифаси ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қизиқиши, билим ва кўникмаларини ошириш, ишбилармонлик сир-асрорларини ўргатиш, десак хато бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, вилоятларда тадбиркорлик истагидаги йигит-қизларни тўлиқ қамраб оладиган тизим шаклланди.
Жойларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг билимини ошириш мақсадида малакали мутахассислар иштирокида ташкил этилган бизнес семинарларда жорий йилнинг биринчи ярмида 13 минг 467 нафар ёш қамраб олинди.
Давлат дастурлари доирасида барча ҳудудда имтиёзли кредит олиб, фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар маҳсулотларининг кўргазма-савдо ярмаркалари ташкил этилиб, тадбиркорлик фаолиятига қизиққан 10 минг нафардан зиёд ёш қамраб олингани ҳам бу борадаги эътиборга молик ишлардан бўлди. Ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган 7 минг 846 нафар ёшга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда консальтинг хизматлари кўрсатилган бўлса, “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказларида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашиш учун турли тадбирлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда ўз касбининг устаси бўлган етакчи тадбиркор, ҳунарманд ва ишбилармонлар билан ҳамкорликда шогирд тайёрлаш амалиётини жорий этиш орқали 6,5 минг нафардан зиёд йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.
Тадбиркорлик уюшмалари, вазирликлар ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорликда ёш ишбилармонлар лойиҳаларини молиялаштириш чораларини кўриш орқали 11 мингдан зиёд ёшнинг ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашилди. Натижада уларнинг 302,2 миллиард сўмлик бизнес лойиҳалари молиялаштирилди.
Ёшлар учун қулай бизнес муҳитини яратиш мақсадида Фарғона, Навоий вилоятларида коворкинг марказлар, Қашқадарё в илоятининг Чироқчи тумани ҳамда п ойтахтимизда “Book cafе — kitob olami” комплекси ҳамда Чилонзор туманида Ёшлар бизнес маркази барпо этилди.
Ушбу мажмуаларда ёш тадбиркорлар учун консультатив марказлар, имтиёзли ижара нархларида замонавий офислар, “Book cafе”, IT, робототехника, хорижий тиллар, замонавий касб-ҳунарларни ўқитишга қаратилган ўқув марказлари, медиастудия, архитектура ва дизайн, халқаро логистика хизматлари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур комплексларда 654 нафар ёшнинг доимий бандлиги таъминланиб, 4 минг нафарга яқин йигит-қиз билим олишига имконият яратилмоқда.
Бугун баралла айтишимиз мумкин: аксарият ёшларимиз юртимиздаги ислоҳотлар билан ҳамнафас қадам ташлаяпти. Илгари уларда тадбиркорликни бошлаш, солиқ, давлат хизматчиларидан қўрқув бор эди. Иш бошлашдан олдин иккиланар эди. Энди тўсиқлар олиб ташланди. Энг катта ютуғимиз ҳам шу бўлди.
“Қимматга тушган хатолар” дастури доирасида мамлакатимиз бўйлаб муваффақиятга эришган йирик тадбиркорлар иштирокида 65 маротаба руҳлантирувчи тренинг, бизнес учрашув ўтказилди. Унда халқаро даражадаги бизнес тренер ва экспертлар, муваффақиятга эришган ишбилармонлар бой ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашди. Иш бошлашдаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўзлаб берди. Учрашувларда 16 мингдан ортиқ йигит-қиз иштирок этди.
Ютуқларимиздан яна бири шуки, бугун иқтисодий ривожланиш асосларини ёшларимиз чуқур англаб етяпти. Дунёда тадбиркорликни ривожлантириш борасида аниқ методологиянинг ўзи йўқ. Бундай методологияни яратиш ҳам имконсиз. Чунки у давр ва инфратузилмага қараб ёки ихтисослашувдан келиб чиқиб, муттасил ўзгариб боради. Ривожланишда депсиниш бўлмайди. Унда мослашувчанлик, мунтазамлик бор. Биз буни ёшларга тушунтиришга ҳаракат қилдик. Учрашувларда таниқли ишбилармонлар энг қийин дақиқада ҳам курашдан тўхтамаслик, таваккал қилишдан чўчимаслик, қийинчиликларни янгича усулларда ечишга ҳаракат қилиш, барча ишни пухта режалаштириш, ўқиб-ўрганиш ҳақида сабоқ берди.
Кишиларда ишонч уйғотувчи, ўз ортидан эргаштира олувчи ва умумий муваффақият учун ўзини юз фоиз ишга бағишловчи инсон қиёфаси ёшларимизни бефарқ қолдирмаганини кўриб, қувонади киши.
Хайрулла САТТОРОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари,
“Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори