Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 20 май куни Адиблар хиёбонининг очилиш маросимида иштирок этиб, бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Ана шу топшириқлардан бири – Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган ёзувчи-шоирларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиботини жонлантириш мақсадида “Илҳом” мукофотини жорий қилиш эди.
Мазкур топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди. Мукофот шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларга берилиши белгиланди.
Иккинчи бор ўтказилаётган танловнинг саралаш босқичи олий таълим муассасалари доирасида ўтказилди. Ушбу саралаш босқичида барча олий таълим муассасаларидан ўн мингдан ортиқ талаба-ёшлар, мураббийлар иштирок этди.
“Илҳом” мукофоти танловининг Республика босқичи учун 53 та олий таълим муассасасидан 115 та ижодий иш қабул қилинди. Шундан, 3 та асосий ва 3 та рағбатлантирувчи мукофот учун ғолиблар сараланди.
Танлов ғолиблари, 1-ўрин – “Spark” автомобили, махсус диплом
ва статуэтка; 2-ўрин – 30 миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом
ва статуэтка; 3-ўрин – 15 миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом
ва статуэтка билан тақдирланди. Шунингдек, рағбатлантирувчи мукофот соҳибларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Етук олимлар, ёзувчи-шоирлардан иборат Ҳакамлар ҳайъати номзодларнинг ижодий ишларини кўриб чиқишда холислик ва шаффофликни таъминлашга катта эътибор қаратди. Танловга юборилган ҳар бир ижодий иш батафсил ўрганиб чиқилди. Номзоднинг истеъдоди, ижтимоий фаоллиги мутахассислар томонидан юқори баҳоланганлиги, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилганлигини инобатга олиниб, ғолиб ва совриндорлар танланди.
– Илм ва ижодга чанқоқ, катта мақсадларни кўзлаган ёшлар ҳаётда тўғри йўл танлашда оғишмайди, – дейди “Илҳом” танлов ғолиби, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети 4-босқич курсанти Шуҳратжон Муҳаммадхонов. – Улар жамиятга, юртига, оиласига нафи тегадиган инсонлар бўлиб етишади. Бугун юртимизда бу эзгу йўлни танлаган ҳаммаслаклар сафи тобора кўпайиб бораётгани барчамизни мамнун этади. Илм-фан, адабиёт ва санъат соҳасидаги ижодий изланишлар, амалга оширилаётган ишлар ҳали бундан-да авж олиб ўз самарасини беришига ишонаман. Энг муҳими, кўнгилда ойдин орзу-ниятлар сўнмаса бас. Эл-юрт равнақи учун ташланган бундай қадамлар она Ватанга бўлган садоқат ва меҳр-муҳаббати бўлиб намоён бўлаверади.
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири