Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Математика институти директори, академик Шавкат Аюповнинг меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилгани юртдошларимиз, илм аҳлини руҳлантириб юборди.  Қаҳрамонимиз айни пайтда кўнглидан кечаётган кечинмалар ҳақида сўзлаб берди:

Одатда, ҳар куни кечки янгиликларни кўраман. Куни кеча ҳам телевизорни ёқиб, янгиликларни кузата бошладим. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисида”ги фармони ўқиб эшиттирилаётган пайтда суратим кўрсатилиб, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланганим эълон қилинди. Кутилмаган бу ҳолат чиндан жуда ҳаяжонли эди... Оила аъзоларим, дўстлар, ҳамкасбларнинг қутлови, телефон қўнғироқлари анча пайтгача тинмади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, биз — олимлар алоҳида эътибор ва ҳурматга сазовор бўлиб келмоқдамиз. Президентимизнинг топшириғига биноан, пойтахтимиздаги Талабалар шаҳарчасида Математика институтининг янги биноси қад ростлади. Барча қулайликларга эга замонавий бино илм-фан, таълимга қаратилаётган катта эътибор маҳсулидир. “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонининг менга берилиши ҳам илм аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг гултожи бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Кичик меҳнатимизнинг давлатимиз раҳбари томонидан юксак эътироф этилиши инсон қалбига катта мамнуният, миннатдорлик туйғуларини бағишлар экан. Бу нафақат менга, балки бутун математикларга, олимларга берилган мукофот, деб биламан. Зеро, бир одамнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Бутун жамоанинг бирдамлиги, атрофдаги соғлом, ишчан муҳит, ишлаш учун яратилган имконият ана шундай юксак мукофотларга замин яратди. Бу мукофот бизнинг қиладиган ишларимизга йўл бошловчи.

Ҳозир “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс” деган иборалар тез-тез қулоққа чалиняпти. Биз мана шу Ренессансга пойдевор қўювчи илмли ёшларни тарбиялашга масъулмиз.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ўқувчиларининг халқаро фан олимпиадаларидаги ютуқлари салмоғи сезиларли даражада ошди. Ғолиб ўқувчиларни муносиб рағбатлантириш мақсадида янгича тақдирлаш тизими ишлаб чиқилди. Дунёда тан олинган нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланмоқда. Ўзбекистоннинг иқтидорли ёшларини халқаро олимпиадаларга Математика институтида тайёрладик. Шу йилнинг 14−24 июль кунлари Россия томонидан ўтказилган 62-Халқаро математика олимпиадасида дунёнинг 110 давлатидан 623 нафар ўқувчи қатнашди. Ўзбекистон терма жамоасидан икки нафар ўқувчимиз кумуш ва бронза медалга сазовор бўлди. Улар пул мукофотлари билан тақдирланди.

Бу ёшларимизнинг келгусида илм эгаллаб, юрт равнақи учун меҳнат қилишига катта мотивация беради. Уларга йўл кўрсатиб, илмга рағбат уйғотиш — бизнинг вазифамиз.

Яқинда Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюси барча ишларимизда дастуриламал бўлаётир. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессансга тамал тоши қўйиш учун нима қилишимиз зарурлиги кўрсатиб берилди. Ҳар бир инсон  “Президентимиз олдимизга қўйган вазифани адо этиш учун мен нима қилдим?” дея ўзига савол бериши керак. Ана шундагина олдимизга қўйилган катта вазифаларнинг уддасидан чиқамиз.

Ёшлигимдан математика фанига қизиққанман. Академик Саримсоқовдан таълим олганман. Аспирантлик пайтимда илмий ишимни муддатидан олдин ёқлаб, ёш фан номзоди бўлганман. 30 ёшимда фан доктори бўлдим. Бу ўша давр учун жуда катта воқеа эди. Шундан кейин Ўзбекистон ёш олимлар кенгашига раис бўлдим.

Фанлар академиясига 36 ёшимда мухбир аъзо этиб сайландим. 42 ёшимда академик бўлдим. Ўшанда энг ёш академик эдим. Шундан сўнг деярли 22 йил Фанлар академиясига аъзолар сайланмади. Шундай давр бўлдики, илм-фан бутунлай эътиборсиз қолдирилди. Жуда кўп олимларимиз бошқа соҳаларга ўтиб кетди.

Давлатимиз раҳбари  Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ соҳага алоҳида эътибор қаратди. 2017 йилда ЎзФАда янги сайлов ўтказилди. Ўшанда 30 нафардан ортиқ янги академик сайланди. Ана шунда фанга эътибор тубдан ўзгарганини сездик. Бу бизни руҳлантирди, янада қаттиқроқ ишладик.

Менинг, шогирдларимнинг илмий ҳаётида юз берган катта воқеа ҳақида гапирмоқчиман. Кўп йиллардан бери фан  соҳасида давлат мукофоти берилмаётган эди. Президентимиз бунга барҳам берди. Биринчи бўлиб, давлат мукофоти бизга тақдим этилди. Давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирганимда у киши “Сиз бу мукофотга олдинроқ лойиқ эдингиз” мазмунида сўз айтиб кўнглимни янада кўтарди.

Очиғи, илм-фанга эътибор умуман бўлмаган пайтларда ҳам фандан кетмадик. Шогирдларим ҳам фидойи бўлиб ишлади. Бугун ана шу фидойиликнинг мевасини кўряпмиз. Айни пайтда олимларнинг маоши деярли уч баробар ошди. Уларга қатор имтиёз ва имкониятлар яратилди. Обрў-эътибори таъминланди.

Ҳар қандай ўзгариш, ислоҳотни амалга ошириш учун яхши кадрлар керак. Мактаб болаларига дарс берадиган етук фан ўқитувчиларини тайёрлаш бугунги куннинг муҳим талаби бўлиб турибди. Худди шундай олий таълимда ҳам самарали фаолият олиб борадиган педагогларга эҳтиёжимиз бор. Ҳозирги ўқитувчиларнинг савияси етарли, деб айтолмайман. Мактабда яхши ўқимаган ўқувчи университетда ҳам пухта таълим ололмайди. У олий таълимни тугатгач, ҳаминқадар савия билан яна мактабга қайтиб, ўқувчиларга дарс бера бошлайди. Биз мана шу занжирни узишимиз зарур. Билимли ўқитувчиларни тайёрлаш баробарида болаларнинг савиясини кўтаришимиз, яъни миллий кадрлар масаласини ҳал қилишимиз лозим. Математикани билган одам билмаган одамга қараганда танлаган соҳасидан қатъи назар, кўпроқ ютуққа эришади.

Математика — бу ҳамма фанларнинг тили. Айниқса, кўпгина соҳаларда рақамли технологиялар қўлланаётган экан, бунда математик билим жуда зарур. Бу биздан янада самарали фаолият талаб қилади.

“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони қалбимизга ана шундай эзгу ният, зиммамизга эса катта масъулият юклади.