Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган  мурожаатномаларини барча ҳамкасбларим, халқимиз қатори мен ҳам фахрланиб, ғурур билан тингладим. Айниқса, юртимизда илм-фанга берилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Юртимизда илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини 2023 йилни мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилганлигидан ҳам англаш мумкин.

Ўзбекистонда бадиий таълим соҳасида мутахассис кадрларни етиштириб чиқарадиган  Камолиддин Беҳзод Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам 2021-2022 йилларда илмий-ижодий ва инновацион ғояларни қўллаган ҳолда кўплаб янги лойиҳалар  яратилмоқда.

Жумладан, жорий йилда институтда 3 та инновацион аҳамиятга эга бўлган амалий грант лойиҳаси якунига етказилди. Ўзбек миллий этномаданий тантанавор либосларининг мобил иловасини яратиш бўйича илмий тадқиқотда этномаданий, тарихий  либосларимиз ҳақида фақат китобларда, илмий тадқиқотларда чекланиб қолмасдан, масалага инновацион ёндашган ҳолда тарғиб этиш, бу орқали  ёш авлодга ўзлигимизни чуқур сингдириш, бадиий-эстетик дидини тарбиялаш, юксалтириш – бош мақсад сифатида белгиланиб олинди. Ўзбек миллий этномаданий либослари тарихи ва санъатини кенг тарғиб этиш ҳамда хорижга танитиш мақсадида мобил илова Google Play Market ва App Store иловалар дўконида йўлга қўйилди. Мобил иловада жой оладиган ўзбек этномаданий тантанавор либосларга оид маълумотлардан тадқиқотчи мутахассислар ўз илмий фаолиятларида фойдаланишлари мумкин. Таъкидлаш керакки, этномаданий либос халқларнинг миллий ўзлигини, этник белгиларини кўрсатувчи мезон, нафақат урф-одат, миллий қадрият, ижтимоий муносабатларини, балки диний эътиқоди, нафосат ва эстетик нормаларини ифодаловчи  моддий-маънавий ёдгорлик саналади.

Илмий инновацион лойиҳалар музейлар билан институт ўртасидаги ўзаро интеграцияни кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги ноёб экспонатларнинг 3D анимацияли виртуал галереясини яратиш номли амалий лойиҳада Ўзбекистон тарихи давлат музейида археология, нумизматика, этнография, бадиий асарлар ва бошқа фондларга оид 340 мингдан ортиқ сақланиб келинаётган осори атиқаларнинг 3D анимацияли виртуал галереяси яратилди. Бугунги кунда ҳукумат томонидан музейларда сақланаётган ашёларни оммалаштириш ва халқга янада яқин бўлиш талабини қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрь куни “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комлекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 975-сонли қарорининг “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари режаси”ининг (1- илова) III-Миллий музей фондининг давлат каталогини яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш ҳамда интерактив хизмат кўрсатишни кенгайтириш бандида «Виртуал музей» лойиҳасини амалга ошириш орқали 3D форматини яратиш вазифаси қўйилган. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ги № ПҚ-307 сон Қарорининг 377 – бандига киритилган. Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги 100 дона ноёб экспонатларнинг сайтидан ўрин олган этнография, археология, нумизматикага оид ашёлар ва улар тўғрисидаги илмий маълумотлар, ашёларнинг виртуал кўринишда суратга олинган фотолари ҳамда https://historymuseum.uz/ сайтини яратиш орқали амалга оширилди.

Институтда амалга оширилган инновацион лойиҳалардан бири Ўзбекистон бадиий таълим тизимида онлайн музей электрон галереясини яратиш амалий  лойиҳасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти базасида мавжуд 600 га яқин ижодий ишлар электрон илмий паспорти тасвирлар ва ўзбек, рус, инглиз тилларида ишлаб чиқилди. Шунингдек, ХХ аср Ўзбекистон бадиий таълимининг бошланғич, ўрта махсус ва олий таълими тарихини ўрганиш бўйича фактологик маълумотлар уч тилда онлайн музей сайтига жойлаштирилди. Бу бадиий таълим ривожидаги умумий қонуниятларни ижодий ишлар тасвири интеграцияси асосида янгиланган нуқтаи назардан кўриб чиқишга имконият беради. Тарихий жараёнларни ўрганиш асосида бадиий таълим ривожининг асосий босқичларига мансуб кам ўрганилган ёки авваллари номаълум бўлган манбалар илк маротаба таҳлил этилган ва шаклланиши, тамойиллари, хусусиятлари ёритилган.

Институтда илмий изланишларга берилаётган эътибор самараси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 222-сон қарори билан тасдиқланган “Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисида” Низомга мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Махсус эксперт гуруҳининг 2022 йил 17 ноябрдаги 129-сон йиғилиш баёни қарорига асосан ёш олимларни стажировкага юбориш режаси маъқулланди ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгашининг 2022-йил 7 декабрдаги 5-сон йиғилиш баёни қарорига асосан 2-иловада келтирилган “2022-2023-йилларда етакчи хорижий илмий ташкилотларга (марказлар, университетлар ва бошқалар) қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориладиган ёш олимлар рўйхати” тасдиқланди. Ғолиб бўлган илмий тадқиқотчилар орасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти изланувчилари ҳам мавжуд, улар Озарбайжон Республикасида икки ҳафта мобайнида ўз тадқиқотлари доирасида илмий изланишлар олиб борадилар.

2023 йилда илм-фанга берилган юксак эътибордан илҳомланган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти илмий жамоаси ҳам ўз олдига катта марраларга эришишни мақсад қилиб қўйган. Бу борада мурожаатномада муҳтарам юртбошимизнинг сўзлаган фикрлари шахсан менга илмий ишлар ва инновациялар проректори сифатида жуда катта мотивация берди: “Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани. Келгуси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади. Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур”.

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори,

тарих фанлари доктори