Давлатимиз раҳбарининг бу галги Мурожаатномасида ҳам мамлакат тараққиётининг заминини илм-фан ва инновациялар ташкил этиши алоҳида таъкидланди. Шубҳасиз, буларсиз давлатнинг тараққиётини тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки ушбу муҳим йўналишлар давлат иқтисодиётининг барча жабҳасига бевосита таъсир этади ҳамда аҳолининг турмуш даражасини кўтаришга олиб боради.
Бу борада олий таълим муассасалари драйвер вазифасини бажариши керак. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида ҳам талабаларнинг сифатли билим олиши ҳамда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, янги инновацион лойиҳалар ҳамда илмий тадқиқот ишларини янада ривожлантириш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг ўтган йил 19 декабрдаги “Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаради. Қарорда 2023 йил 31 январга қадар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети қошида электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар, шунингдек, соҳада фаолият кўрсатаётган бошқа мутахассисларнинг ривожланган давлатларда малака ошириб келишини таъминлаш вазифаси қўйилган.
Айни пайтда университет талаба ва докторантлари электромобилларнинг сервис, эксплуатация кўрсаткичи, электроника жиҳозларини текшириш жараёнини ўрганмоқда. Мазкур лабораториянинг ташкил этилиши ўқув сифатини ошириш ва янги ўқув йилида университетда ўргатиладиган фанлар рўйхатини кенгайтириш, автомобилсозлик ва электротехника соҳасида тадқиқотлар олиб бориш, шу йўналишлар бўйича етук мутахассисларни тайёрлаш имконини беради.
Ҳозир олий таълим муассасаси ўқув дастурларига элек тромобиллар, уларнинг тузилиши, эксплуатация қилишни ўргатувчи бир нечта фанлар, электромобилларни ўрганиш бўйича электив курслар киритилмоқда. Илм-фан ва инновациялар ҳақида гап кетганда, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети профессор-ўқитувчилари электромобиль саноатида кенг қўлланадиган истиқболли наноматериал ва литий-ион батареяларни чуқур ўрганиш юзасидан халқаро лойиҳаларда иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз.
Қарорда кўрсатилган янгидан ташкил этиладиган лабораториялардаги замонавий жиҳозлар ёшларнинг инновацияларга қизиқишини кучайтириш билан бирга илғор лойиҳаларни амалга оширишга ундайди. Натижада янги технология фойдали маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мавжуд ишланмаларни такомиллаштириш имконини беради. Президентимизнинг ўтган йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чоратадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тузилди. У
шбу вазирлик ҳам келгусида халқаро стандартларга мос, комплекс билимларга эга, малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш билан бирга илм-фанни жадал ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш жараёнини ўзаро мувофиқлаштиради. Мазкур меъёрий ҳужжатларда кўрсатилган вазифалар самарали ва сифатли ижро этилса, мамлакатимиз равнақи учун хизмат қилиши шубҳасиз. Бу саъй-ҳаракатлар давлатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда ўзига хос йўлини танлаш, кадрлар тайёрлаш тузилмасини янгилаш имконини мустаҳкамлайди.