Бугун ҳар томонлама рақобатбардош давлатга айланиш, дунё ҳамжамиятида мустаҳкам ўрин эгаллаш учун жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш жуда муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари 2016 йил 30 декабрь куни илм-фан вакиллари билан учрашув чоғида жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва Фанлар академиялари билан  ҳамкорликни янада ривожлантиришни замоннинг ўзи талаб қилаётганини алоҳида таъкидлаган эди.

Президентимиз фармони билан ташкил этилган Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан соҳани ривожлантириш, хусусан, олимларнинг илмий фаолияти учун зарур барча шарт-шароитни яратиш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Хусусан, ёш олимларни чет элга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича тизимли равишда эълон қилинаётган танловларда бугунги кунга қадар ғолиб бўлган 500 га яқин тадқиқотчи дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидаги етакчи илмий институтларга юборилди. Ушбу илмий стажировкаларни ташкил этиш мақсадида 20,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Стажировка йўналишлари эса 50 дан ортиқ бўлиб, тиббиёт, тилшунослик, диншунослик, қишлоқ хўжалиги, физика, археология, экология каби соҳаларни қамраб олади.

Шуни қайд этиш жоизки, стажировка йўналиши бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ, барча соҳа бирдек қўллаб-қувватланади. Мисол учун, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таянч докторанти Назокат Абдуллаева ўтган йилнинг июль-август ойларида Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган доктор Абдураҳман Юртаслан номидаги онкология илмий текшириш клиникасида “Онкогематологик хасталикларда иммунофенотиплаш. Аллоген ва аутологик гемопоетик ўзак ҳужайраларнинг трансплантациясида оқим ситометрияси усулини қўллаш” мавзусида илмий стажировка ўтаб қайтди.

Бугунги кунда онкогематологик хасталикларнинг замонавий диагностикаси гематологиянинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Ҳозир дунёда ўткир лейкоз ташхисида замонавий диагностика усуллари қўлланади. Ушбу илмий стажировка давомида олинган билимлар асосида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида онкогематологик хасталикларнинг иммунофенотипик диагностикаси йўлга қўйилди ва бу борада тегишли статистикани юритиш бошланди.

Илмий стажировкаларга мисол сифатида айтиш жоизки, ҳозир Тошкент давлат юридик университети доценти, тадқиқотчи Ботиржон Қосимов АҚШнинг Калифорния штатидаги Беркли Калифорния университетининг Ҳуқуқ мактаби ва унинг ҳузуридаги Суд тадқиқотлари институтида 3 ойлик илмий стажировкани ўтамоқди. Мазкур таълим даргоҳи ҳозир АҚШдаги давлат университетлари рейтингида биринчи, дунёнинг энг яхши университетлари орасида 4-ўринда туради. Ботиржон Қосимов АҚШда судьялар мустақиллигини таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини тадқиқ қилди.

Юқорида таъкидланганидек, стажировка йўналишлари ва мавзулари турлича. Дунёнинг турли мамлакатларидаги етакчи олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларида кўзга кўринган, ишининг малакали мутахассислари раҳбарлигида ташкил этилаётган илмий стажировкалар ёш олимларимизнинг касбий ўсишида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, олинган билимларни янгилаб бориш, замон билан ҳамнафас ва барча йўналишларда илғор бўлиш мамлакатимиз ривожига ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятининг яна бир йўналиши олимлар, тадқиқотчилар, умуман, илм-фан соҳасининг барча вакиллари учун жуда муҳим бўлган хорижий етакчи электрон илмий маълумотлар базасидан эркин фойдаланиш имкониятини яратишдан иборат. Хусусан, Германиянинг 180 йиллик тарихга эга Springer Nature йирик академик нашриёт компанияси билан шартнома имзоланган бўлиб, у илм-фаннинг турли йўналишларида чоп этилган мақола ва илмий ишларни ўз ичига олувчи платформа сифатида фаолият юритади. Бундан ташқари, ҳозир жамғарма дунёга машҳур йирик илмий нашрлар базаси бўлмиш Web of science платформасига эгалик қилувчи компания билан ҳам музокаралар олиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз олимларига жаҳон миқёсидаги илмий ишлар билан яқиндан танишиш, ўрганиш, тажриба алмашиш ва мақолалар чоп эттириб, уларни шу базага жойлаштиришга имконият яратади.

Замонавий илмий асбоб-ускуналар олимларимизга янги тадқиқотлар устида иш олиб бориш ва янги натижаларга эришишда қўл келади. Хусусан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти таркибида “Формали кийим-бошни ло йиҳалаштириш” илмий лабораториясига Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 325 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ҳисобидан 2019-2020 йилларда 32 номдаги тикув машиналари, пресслар ва синов қурилмалари ўрнатилди.

Бундан ташқари, Фанлар академиясининг А. Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг моддий техник-базаси мустаҳкамланди.

Институтнинг лаборатория биноси тўлиқ капитал таъмирланиб, замонавий турдаги ускуналар билан жиҳозланди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ушбу ускуналарнинг хариди учун жамғарма томонидан жами 2 миллион 404 минг доллар ажратилиб, тўлиқ молиялаштирилди. Энди ушбу лабораторияда материалшунослик, шунингдек, ярим ўтказгичли материаллар физикаси, ўта тоза наноматериаллар синтез қилиш технологияларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш, улар асосида кичик қурилмалар ясаш, наноматериалларнинг физик-кимёвий хоссаларини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш учун имкониятлар мавжуд.

Замонавий дунёда илмий изланишлар ва тадқиқот натижаларини молиялаштириш долзарб масала ҳисобланади. чунки илм-фан жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ноёб имкониятларни очади. илмий тадқиқот ва ишланмалар натижаси иқтисодиётни ривожлантириш, унинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади, илғор инновацияларни юзага келтиради. ушбу илмий изланишлар жамиятга наф келтириши учун эса олинган натижаларни лойиҳа сифатида шакллантириш ва кенг тарғиб қилиш учун молиялаштириш алоҳида муҳим аҳамиятга эга.

Жамғарманинг яна бир йўналиши илмий тадқиқот, инновацион, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳаларини молиялаштиришдан иборат. Лойиҳалар ҳам турлича. Улар орасида  бой маданий меросимизни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш билан боғлиқ “Қадимий ноёб қўлёзма ва манбаларни тадқиқ қилиш, рақамлаштирилган библиотекасини яратиш” ҳамда “Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар реестрини тузиш, нодир қўлёзма асарларнинг факсимилесини нашр этиш” каби лойиҳалар мавжуд.

Шунингдек, тиббиёт соҳасига оид “Операциядан кейинги саратоннинг қайталаниши ва метастазларни бартараф этиш учун янги саратон терапевтик вакцинасини етказиб бериш тизими” ҳамда инновацион лойиҳалардан бири бўлган “Юрак қон-томир касалликлари хавфини эрта аниқлаш ва прогноз қилиш интеллектуал тизими” каби лойиҳалар ҳам шулар жумласидан. Ушбу лойиҳалар мамлакатимиз тиббиётининг мазкур йўналишларини янги босқичга олиб чиқиш, кенг тарқалган касалликларни даволашда муҳим ўрин тутади.

Лойиҳалар жамиятга келтирадиган фойдаси, инновационлиги каби қатор омилларга кўра, танлаб олинади ва молиялаштирилади. Илм-фаннинг юксалиш жараёнини бир механизм сифатида оладиган бўлсак, ушбу тизимда барча ўз вазифасини астойдил ва виждонан бажарсагина, кўпроқ марраларга эришиш мумкин бўлади.