Тошкент тиббиёт академиясида анъанавий “Only English: Topical Issues of Healthcare” номли халқаро илмий амалий анжуман бўлиб ўтди. Юртимизда илмий ишлар кўлами ва сифатини яхшилаш мақсадида инглиз тилида ташкил этилган мазкур анжуман СOVID-19 пандемияси туфайли онлайн ва оффлайн тартибда ўтказилди.

Ушбу анжуман бу йил халқаро миқёсда ташкил қилиниб, унда республикамиздаги тиббиёт олий таълим муассасалари билан бир қаторда, АҚШ, Швеция, Финляндия, Ҳиндистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан ҳам ёш олимлар қатнашдилар.

Анжуманнинг мақсади тиббий амалиётга жалб қилинган хорижий давлатлар ёш олимларининг ўз илмий ишлари натижалари билан ўзаро алмашиниш ва муҳокама қилишлари учун майдон яратиш ҳамда маҳаллий илм-фанни ривожлантириш ва уни халқаро даражага кўтаришдан иборатдир.

Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “2030 йилгача фанни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ёш олимларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг билим ва маҳоратини ошириш ҳамда илмий асарларини дунё бўйлаб тарқатишга кўмаклашади.