Бугунги глобаллашув ва ахборот асрида билимнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Замонавий технологияларни ўзлаштириш, рақамли иқтисодиётда иштирок этиш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш учун, энг аввало, илмли авлод керак. Зеро, Ҳазрат Алишер Навоий бежиз:
Агар ҳикматга бўлса илтифотинг,
Ки, бўлсин Нуҳ умрича ҳаётинг,
демаган.
Халқимиз наздида азалдан илмлилик инсоннинг энг гўзал ва эъзозли фазилатларидан бири сифатида қадрланиб келган. Чунки билим фақат ўқиш ва ёзиш малакаси эмас, балки маънавият, зеҳн ва жамият тараққиётининг асосий мезони ҳисобланган. Шу боис, юртимиз тарихидаги улуғ мутафаккирлар, сўз санъаткорлари ва маърифат пешволари савод масаласига алоҳида урғу берган. Жумладан, Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Лисон ут-тайр” асарларида тил, маъно ва маърифатнинг чуқур ифодаси орқали илм-маърифатнинг инсон камолотидаги беқиёс аҳамияти ёритилган. Мунис Хоразмий асарларида ҳам ёш авлодга савод ўргатишнинг аҳамияти, унинг замон ва тараққиёт учун зарурлиги теран маънода ифода этилган. У ўз даврининг педагог олимларидан бири сифатида болаларнинг хат-савод чиқариши ва илм ўрганишини осонлаштириш мақсадида “Саводи таълим” асарини яратган. Мазкур рисолада ўқиш ва ёзишни тез ҳамда самарали ўрганиш, чиройли хат ёзиш кўникмаларини эгаллаш, шунингдек, ҳуснихатга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Асарда тил, ёзув ва ҳуснихатнинг жамият ҳаётидаги ўрни, айниқса, маънавий бойликни келажак авлодга етказишдаги аҳамияти чуқур ёритиб берилган.
Бу асарлар, умуман олганда, аждодларимизнинг асрлар давомидаги қарашлари ва интилишларини намоён этади. Шундай бўлса-да, муайян вақт сиёсий қарашларнинг нохолислиги ҳамда миллий камситиш руҳидаги ёндашувлар асосида Туркистон ўлкаси аҳолисининг саводхонлиги масаласида сохта ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган хулосалар берилган. Аслида, сўнгги пайтларда ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, 1913 йилда Туркистон ўлкасида 7665 та мактаб ва мадраса фаолият юритган. Бу рақамлар айрим манбаларда қайд этилганидан фарқли ўлароқ, ўлкамиз аҳолисининг саводхонлик даражаси анча юқори бўлганини кўрсатади.
Халқаро тадқиқот платформалари маълумотига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда саводхонлик даражаси 100 фоизни ташкил этмоқда. Ҳисоботда умумжаҳон саводхонлик даражасига эришишда Ўзбекистон ҳукумати ҳамда таълим соҳаси ходимларининг муҳим ҳиссаси алоҳида эътироф этилган.
Ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасига ажратиладиган маблағ сезиларли оширилди. Бу ўзгаришлар самараси ўла роқ, хусусий сектор билан ҳамкорликда боғчалардаги ўринлар сони икки ярим миллионга, қамров даражаси 78 фоизга етказилди. Айни вақтда мамлакатимизда 7 мингта давлат боғчаси ва 32 мингга яқин хусусий боғча фаолият кўрсатмоқда.
Ҳақиқатан, бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам занжир яратилди. Ўтган давр мобайнида мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилди ва тизим тўлиқ трансформация қилинди. Бола боғчадан мактабни битиришига қадар бўлган жараёнда миллий қадриятларимизга таянган тарбия, замонавий билим ва кўникмаларга асосланган таълим, ёшларнинг қизиқишлари ва иқтидорига қараб селекция қилиш бўйича самарали тизим шаклланди. Бу эса йигит-қизларнинг болалигиданоқ мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантириш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, таълим соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш ҳамда ижтимоий мақомини ошириш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозир 8-12 миллион сўм маош оляпти. Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоиз оширилиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглаштирилди. Бу орқали мактабгача таълим тизимида меҳнат қилаётган педагогларнинг нуфузи янада юксалиши кутилмоқда. Шунингдек, мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда боғча мудираларининг иш ҳақи сезиларли тарзда кўтарилиб, 7-10 миллион сўмдан ошди.
Бундай чора-тадбирлар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг нуфузини юксалтириш, ёш авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашига замин яратмоқда. Таълим муассасаларининг инновацион ривожланиши, замонавий ўқув дастурлари ва педагогик ёндашувларни жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар шакллантирилмоқда. Бу ёндашув, биринчи навбатда, педагог кадрларнинг тажрибасини ошириш, таълим соҳасидаги энг илғор методика ва инновацияларни ўзлаштиришга хизмат қилади.
Илм илдизи бўлган саводхонлик тушунчаси муайян вақт мувозанатида жамият тараққиётининг ижтимоий, сиёсий, илмий, маданий ва руҳий жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда ўз маъно-моҳиятини кенгайтириб бораверади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда бугунги кунда ёшлар ва катталар ўртасида турли йўналишларда саводхонликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, молиявий ва ҳуқуқий саводхонликни ривожлантириш, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш, тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби масалалар жамият ҳаётида устувор аҳамият касб этмоқда. Саводхонликнинг бу янги қирралари, аввало, замон талаби ва ҳар бир фуқаронинг ривожланиш йўлида тўғри қарор қабул қилиш, имкониятларни англаш ва ҳаётда муваффақиятга эришиш гаровига айланмоқда.
Энг муҳими, ҳозирги глобал рақобат ва тезкор ўзгаришлар даврида саводхонликнинг замонавий йўналишларини эгаллаш инсоннинг келажак йўлидаги энг асосий капитали бўлиб, жамият тараққиётининг стратегик омили сифатида намоён бўлмоқда. Шу жиҳатдан унинг моҳияти шахснинг танқидий ва креатив фикрлай олиши, тўғри қарор қабул қилиши, ахборотни саралаб, ундан самарали фойдаланиш қобилияти билан белгиланади. Бундай компетенциялар ҳар бир фуқарога шахсий ривожланиш, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этиш имконини яратиш билан бирга давлат ва жамият учун барқарор тараққиёт, инновацион салоҳият ва глобал рақобатбардошликни таъминлайди.
Саводхонлик масаласи янги даврда илмли ва маърифатли авлодни вояга етказиш, миллатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва миллий тараққиёт стратегиясини амалга оширишда беқиёс аҳамият касб этади. Зотан, асрлар давомида юртимизда сайқал топиб келган илмлилик, маърифатлилик келгусида ҳам янги Ўзбекистоннинг изчил тараққиётида ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашида муҳим стратегик омил сифатида намоён бўлиб қолаверади.
Шуҳрат НОРМУРОДОВ,
журналист