Президентимизнинг ўтган йил 3 декабрдаги “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”даги қарорига биноан Ўзбекистон Миллий университетининг табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган С.Сирожиддинов номидаги республика академик лицейига жорий йил учун уч ярим миллиард сўм ажратилади.

Ушбу маблағ иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шароит яратиш, уларнинг илм-фанга интилишини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги ислоҳотларни тизимли амалга ошириш ҳамда академик таълим-тарбия жараёнида юқори натижага эришган лицей ўқитувчиларини моддий рағбатлантириш ҳамда таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади.

Яқинда Ўзбекистон Миллий университети кўмагида оптик толали интернет тармоғи ётқизилиб, лицей ҳудуди тўлиқ WI-FI билан таъминланди. Муассасада ўқитилаётган фанлар бўйича маълумотлар университетнинг махсус платформасига жойлаштирилди.

Бу имкониятлар лицей ўқувчиларининг ютуқларида кўрина бошлади. Жумладан, шу йилнинг 5-6 январь кунлари ўтказилган республика фан олимпиадасининг Тошкент шаҳри босқичида муассаса ўқувчилари математика, физика ва информатика фанидан энг юқори ўринларни эгаллади. Олдинда бундан ҳам нуфузли беллашувлардаги муваффақиятлар турибди. Уларни қўлга киритиш учун лицей жамоаси ҳам, ўқувчилари ҳам белни маҳкам боғлаган.

Гўзал ЙЎЛДОШЕВА