Қашқадарё вилоят Халқ қабулхонаси ташаббуси билан “Эргаш бобо мед”, “Мурод мед стар” хусусий корхоналари ва "Шарқ улкан капитал бизнес" МЧЖ ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси, ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси, “Юрт таровати” газетаси таҳририяти ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида имконияти чекланган ҳамда уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ўртасида “Меҳр ҳамиша ғолиб” номли танлов ташкил этилди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда вилоятда 1311 нафар уйда якка тартибда таълим олувчи ўқувчилар мавжуд. Уларнинг аксарияти имконияти чекланган бўлишига қарамай, санъат ёки спортнинг қайсидир йўналишларида ўз иқтидорларини намойиш этишмоқда. Буни тасвирий санъат йўналиши бўйича онлайн тарзда ўтказилган “Меҳр ҳамиша ғолиб” танловида 513 нафар истеъдодли ўқувчиларнинг ўз ижодий ишлари билан иштирок этганидан ҳам билиш мумкин.
— Танлов дастлаб туманлар миқёсида ташкил этилиб, унда ғолиб бўлган ўқувчилар вилоят босқичига йўлланма олишган эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Фахриддин Жумаев. — Якунда ҳакамлар ҳайъати томонидан 15 нафар ўқувчининг ишлари юқори баҳоланиб, вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритишди.
Қарши шаҳридаги 33-имконияти чекланган болалар мактабининг 9-синфида таҳсил олаётган Севинч Нарзиева олий ўринга сазовор бўлди. Унга ҳомийлар томонидан компьютер жамланмаси тақдим этилди.
— Расмлар чизишга жуда қизиқаман, — дейди Севинч. — Қўлларим ҳаракатланмагани боис, мен бу ишни оёқларим ёрдамида бажараман. Бугунги танловда иштирок этиб, ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Янада кўпроқ машқ қилиб, келгусида халқаро миқёсдаги танловларда ҳам иштирок этиш ниятидаман. Танлов ташкилотчиларига ва Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Танловнинг барча ғолибларига ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар (замонавий телевизорлар) тақдим этилди.
Насиба Ибрагимова,
"Юрт таровати" газетаси бош муҳаррири