Учрашувда Президентимиз томонидан ёшлар учун жуда кўплаб ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ёшларнинг инновацион стартап лойиҳалари учун инвестициялар киритишга рухсат этилди, “Келажакка қадам” лойиҳаси янада кенгайтирилиб, ёш тадбиркорлар учун миллиардлаб кредитлар ажратиладиган бўлди, 5 та битирувчини ишга олган тадбиркорга имтиёзли кредитлар, “Менинг биринчи касбим” дастури орқали олийгоҳ битирувчиларига стажировка учун стипендиялар, ёшларнинг энг яхши волонтёрлик лойиҳаларига грантлар, “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали истеъдодли ёзувчиларга ижод учун ойлик ҳақ тўланиши ва бошқа қатор ташаббуслар.

Энг муҳими, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўладиган бўлди. Бу имкониятларни кўриб ногаҳон бундан 20 йиллар муқаддам ўзимиз талаба бўлган пайтларимни эсладим, у пайтларда ушбу имкониятларнинг бир қисмигина ҳам бўлмаган ҳатто, ўшанда ёшларнинг ўзлари имкониятларни излар эди... бугун эса имкониятлар ёшларни изламоқда, топмоқда. Назаримда, бу имкониятларни шунчаки қўллаб-қувватлаш чоралари эмас, балки таълимни, инновацияни, тадбиркорликни ва бандликни ягона тизимга бирлаштирган ривожланиш модели десак муболаға бўлмайди.

Бугун олий таълим муассасалари нафақат диплом берувчи маскан, балки ғоялар туғиладиган, стартаплар шаклланадиган, талабанинг касбий компетенсияси, амалий кўникмаси ва меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳитга айланиши керак. Бу борада давлатимиз раҳбари битирувчи талабалар бандлигини таъминлаш масаласи бугун ректорлар олдида турган энг долзарб ва муҳим вазифа эканлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, ҳар бир битирувчининг ишга жойлашуви, касбга мослашуви, ҳаётда ўз йўлини топиши бу ҳар бир олий таълим муассасасида самарадорлик меъзонига айланмоқда.

Бугун талабаларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлашдаги яна бир муҳим вазифа олийгоҳларни инновацион марказга айлантириш, ҳар бир кафедра ва йўналишда стартап муҳитини шакллантириш, талабаларнинг инновацион ғояларини амалиётга жорий қилиш, уларнинг ишланмаларини тижоратлаштиришни кенгайтиришга шароит яратишдир. Чунки ҳар бир ёшнинг муваффақияти бу, аввало, у таҳсил олаётган олийгоҳнинг муваффақиятидир.

 

Яратилаётган ҳар бир имконият, албатта, Янги Ўзбекистонимиз ёшларининг эртанги натижалари учун пойдевор бўлади. Кечаги мулоқот давомида давлатимиз раҳбари катта ютуқларга эришган иқтидорли ёшларнинг таклифлари, фикрларини тингладилар. Уларнинг шижоати, мақсадлари жуда катта... бу ерда Нобел мукофотига қўйилган қадамлар, космосга учиш мақсадидан тортиб миллий санъатимизда 10 ёшли Отамуроднинг Хоразмча ижроси барчага хушкайфият бағишлади. Ёшларимиз ўзларини кучли, билимли, глобал фикрлайдиган ташаббускор авлод эканликларини яна бир бора намоён этдилар.

Албатта, имконият ва ташаббус масъулият билан уйғунлашган ҳолда катта натижаларга хизмат қилади. Бугунги ташаббус ва ислоҳотлар ҳам ҳар бир раҳбардан янгича ёндашув, очиқлик, тезкорлик ва натижадорликни талаб қилади. Айниқса, мулоқотда Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ректорлар учун жиддий масъулият меъзонини белгилаб берди, бу эса янгича иш тизимига ўтиш зарурлигини англатади. Шу маънода Урганч давлат педагогика институти учун ушбу мулоқот чуқур таҳлил ва янгича ёндашувлар босқичининг бошланишидир.

Феруза Мадрахимова,

Урганч давлат педагогика институти ректори, профессор