Аввалроқ, инфекция юқтириш хавфи юқори даражадаги спортчиларда кузатилади, ҳаваскорлик даражасида спорт билан шуғулланадиганларнинг эса бундай хавфга учраш эҳтимоли паст, деб ишонишган.
Жисмоний машқлар ва юқори нафас йўллари инфекциялари ўртасидаги муносабатни “J” эгри чизиғи сифатида моделлаштириш мумкин.
Инглиз олими Ньюман Дэвиднинг 1994 йилда American College of Sports Medicine журналида чоп этилган тиббий мақоласида таъкидланганидек, “Турли хил эпидемиологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одатдан ташқари оғир ёки сурункали жисмоний машқлар билан шуғулланиш юқори нафас йўллари инфекцияси хавфини оширади. Хавф, айниқса, мусобақа ёки марафондан бир ёки икки ҳафта ўтгач юқори бўлади”.
“Оз миқдордаги субъектларни ўз ичига олган иккита тадқиқот ўртача жисмоний фаоллик юқори нафас йўллари инфекцияси аломатларини камайтириши мумкин, деган хулосани берди. Клиник далиллар оғир жисмоний машқлар иммунитет тизимидаги салбий ўзгаришлар ва стресс гормонлари, адреналин ва кортизол даражасининг ошиши сабабли спортчида инфекция хавфини орттиришини кўрсатмоқда. Бошқа томондан, ўртача миқдордаги жисмоний машқлар иммун тизимидаги ижобий ўзгаришлар туфайли стресс гормонларининг салбий ён таъсиридан келиб чиққан ҳолда инфекция хавфини камайтириши мумкин, — дейилади мақолада.
Орадан вақт ўтгач, профессор Нил Уолш ва унинг ҳамкасблари бошқача хулосага келишди: энг юқори хавф спортга янги келган кишида (ҳаётига қўшилган янги стресс туфайли) учрайди, мунтазам жисмоний машқ билан шуғулланадиган спортчилар энг кучли иммунитетга эга бўлишади.