Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳужжатлар алмашилди. Жами 25 та ҳужжат имзоланган, шу жумладан:

- Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома;

- Қирғиз Республикасида автомобиль ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;

- Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур;

- Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

- Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга Баённома;

- Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома.

Вазирлик ва идораларлар ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш, инновациялар ва илмий тадқиқотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, шунингдек, Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш режаси имзоланди.

Шунингдек, Жиззах ва Иссиқ-кўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалол-обод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланди.