Таъкидланишича, жорий йилнинг 13 март куни Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Парпибаева Озода Нью-Йорк шаҳрида Индонезия аёллар имкониятларини кенгайтириш ва болаларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича вазир ўринбосари билан учрашди.

Учрашувда Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатларнинг тегишли идоралари ҳамда жамиятлари иштирокида хотин-кизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги ўрнини кучайтириш бўйича Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро Англашув меморандумини имзолаш ҳамда 12-14 март кунлари «Осиё аёллар форуми»га иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Индонезия аёллар имкониятларини кенгайтириш ва болаларни ҳимоя қилиш вазирлиги ўртасидаги қуйидаги йўналишлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади:

  • илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, иқтисодий, таълим, гуманитар, туризм ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • хотин-қизларнинг жамиятдаги ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётдаги ролини оширишга кўмаклашиш;
  • миллий анъаналарни асраб-авайлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш;
  • халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тадбирлари ҳамда форумлари доирасида ўзаро манфаатли масалаларни муҳокама қилишда мунтазам учрашувлар ўтказиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ёрдам кўрсатиш каби масалаларда ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишилди.