Нидерландиянинг “IN ME” (“Innovation Media”) илмий-оммабоп журналида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг "Ўзбекистон Республикасида инновацион ривожланиш" номли мақоласи чоп этилди.
Мақолада Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётнинг либераллашуви ҳамда аҳоли турмуш даражасининг ошишига хизмат қилаётгани, жумладан, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор вазифаси этиб этиб белгилангани ҳақида сўз боради.
Шунингдек, 2017 йили Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилганидан бери бажарилган ишлар, уларнинг иқтисодий ўсиш ва ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти, илмий ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш, хусусан, ёшларнинг илмий ғояларини қўллаб-қувватлаш, илмий соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига урғу берилган. Инновацион ғоялар ва технологияларни ривожлантириш, илмий ишланмаларни тижорийлаштириш, технологиялар трансфери, Ўзбекистонда пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича қилинган ишлар ҳақида маълумот берилган.
“IN ME” журнали “Stroomi B.V.” компанияси томонидан таъсис этилган бўлиб, унда Нидерландиядаги элчихоналар, ҳукумат ва халқаро тузилмалар, бизнес, логистика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат кластерлари, қайта тикланувчи энергетика соҳаси учун технологиялар ишлаб чиқарувчи компаниялар, стартаплар ҳақидаги мақолалар чоп этилади.