Сафардан мақсад Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги илмий, илмий-техникавий ва инновацион фаолият соҳасидаги узоқ муддатли самарали муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини белгилашдан иборат.
23 август куни делегация аъзолари Инновацион ривожланиш вазирлиги Европанинг географик жиҳатдан қоқ марказида жойлашган Великий камен (Great Stone Industrial Park) махсус иқтисодий зонасига бордилар. Сафар давомида делегация паркнинг инвесторлар ва аҳоли учун берадиган имкониятлари, ривожланиш тарихи ва инфратузилмаси билан танишдилар.
Great Stone саноат парки Беларусь ва Хитой давлатларининг ҳамкорликдаги улкан лойиҳасидир. У 112,5 квадрат км майдондан иборат бўлиб, саноат ва тураржой биноларини, молиявий ва илмий тадқиқот марказларини, идора ва савдо-дам олиш мажмуаларини бирлаштирувчи замонавий экологик тоза ҳудуддир. Парк Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳридан 25 км узоқликда, халқаро аэропорт, темир йўллар ва Берлин-Москва трансмиллий автомагистрали яқинида жойлашган.
Биринчи босқичда 850 гектар майдонда барча коммуникациялар қурилиши якунланди. Ҳудудга саноат ва транспорт объектлари, тураржойлар ва ижтимоий объектлар, офис ва савдо ва кўнгилочар мажмуалар, молиявий ва тадқиқот марказлари киради.
Иккинчи босқичда ишлаб чиқиш доирасида мультимодулли темир йўл терминалини яратиш режалаштирилган. Бош режага кўра, келажакда бу ерда 130 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Саноат паркида юқори технологиялар ва рақобатбардош инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Электроника, машинасозлик, фармацевтика, кимё, биотехнология, машинасозлик, янги материаллар, комплекс логистика, электрон тижорат, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш йўналишлари ривожлантирилади ҳамда илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишлари олиб борилади.
Сафар давомидаги музокаралар натижасида мазкур санат парки ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди. Биринчи қадам сифатида Great Stone саноат парки вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан шу йилнинг ноябрь ойида ўтказиладиган InnoWeek-2021 Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида қатнашади.
"Яшнобод" инновацион технопарки директори Ш.Шарифов инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида "Яшнобод" инновацион технопарки ва Great Stone саноат парки билан ҳамкорликда қўшма стартап лойиҳаларни ривожлантириш таклифини берди. Шунингдек, томонлар қўшма бизнес-инкубатор лойиҳасини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилиб, ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли шартномаларни имзолашга келишдилар.